Қидирув натижалари:

Маданият

Маданият вазирлиги масъул идораларни карантин қоидаларини бузган санъаткорларга нисбатан қонуний чора кўришга чақирди

18:37, 18.09.2020 168

...

Сўнгги пайтларда айрим санъаткорларнинг тўй ва тадбирларда карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари учраб турибди. Шу муносабат билан, жамоатчилик томонидан, Маданият вазирлиги нега буни назорат қилмаяпти, қабилидаги саволлар, мурожаатлар келиб тушмоқда. Маданият вазирлиги ушбу масалада баёнот берди.

“Aлбатта, Маданият вазирлиги ушбу хатти-ҳаракатларни маъқулламайди ва карантин қоидалари истисносиз ҳар бир шахс учун мажбурийлигини, уни бузганларга қатъий чора кўрилишини қўллаб-қувватлайди. Бироқ, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, қандай касб эгаси бўлишидан қатъи назар маълум ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Уларнинг шахсий ҳаётини назорат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жумладан, Маданият вазирлиги ҳам санʼаткорларнинг шахсий ишларига аралашиш ваколатига эга эмас. Вазирликнинг низом билан тасдиқланган фаолият чегаралари мавжуд бўлиб, ундан ташқарига чиқиш қонунан мумкин эмас. Шахснинг жамиятдаги хатоси ёки жинояти учун чора кўришга масъул бўлган органлар қонуннинг барча учун баробарлиги тамойилига асосланган ҳолда фаолият олиб борадилар. Табиийки, санъат аҳли миллионлаб мухлисларнинг нигоҳида ва диққат марказида бўлади. Лекин, бу унга қандайдир имтиёз эмас, аксинча улкан жавобгарлик ва масъулият юклайди. Маданият вазирлиги соҳа вакилларидан ўз ҳаёт ва фаолиятларида ушбу мезонга амал қилишларини сўрайди. Ўз навбатида, масъул идораларни белгиланган меъёрларни бузган санъаткорларнинг жавобгарликларини таъминлаш учун қонуний чоралар кўришга чақиради. Зеро, қонун барчага баробар!“, дейилади вазирлик баёнотда. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Браво” жамоаси аъзоси Aҳмад Темиров ва хонанда Воҳиджон Исоқовнинг тўйларида карантин қоидалари бузилгани сабаб улар ўрнатилган тартибда жаримага тортилган эди. Мазкур ҳолатлар бўйича Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев муносабат билдирган ва Маданият вазирлигига Сенатор сўрови юборилгани, бу масала Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинганини маълум қилган эди.


АКТУАЛ ХАБАРЛАР