Қидирув натижалари:

Covid-19

Кўнгиллилар ва кўнгилсизлар

09:34, 29.09.2020 285

...

Синов ҳаммага баробар келди. Номи бу йил барча тилларда рекорд даражада кўп қўлланилаётган ўша офат ҳамма миллатни, мамлакатларни бир қалқитиб олди. Кўп яхши одамларни орамиздан олиб кетди. Ўзбекистонда салкам етти ойдан бери гоҳ эркин, гоҳ қаттиқ режимли тарзда давом этаётган карантин тугай демайди. Унинг тугашини нафақат Ўзбекистонда балки бутун дунёда интиқлик билан кутишяпти.

Одам ўзини ўзи зўрға эплайдиган карантин шароитида кўплаб кўнгилли ҳамюртларимиз саҳоват акцияларини ташкил этиб, одамлардан маблағ йиғиб иқтисодий қийналганларга баҳоли қудрат кўмак беришди. Aбдувоҳид Aтаметов, Aзиза Умарова Олимжон Ҳайдаров, Муҳаммад Темур Aъзам, Мусанниф Aдҳам(Aдҳам Олимов), Aқида Хоним ва “Покиза инсонлар жамоаси”… бу рўйхатни узоқ давом эттиришимиз мумкин. Бу инсонлар эзгу ишларини бировга яхши кўриниш учун эмас, савоб умидида амалга оширишди. Лекин инсон психологиясига даҳлдор бир жиҳат бор. Одам бир яхши ишни амалга оширса, ўзига озгина бўлса ҳам рағбат бўлишини кутади. Кутмаяпман дейиши мумкин, бу тўғри бўлиши ҳам мумкин. Лекин унга салгина рағбат берилса, у кейинчалик янада каттароқ ишлар, кўпроқ яхшиликлар қилишга уринади. 2020-йил 26-май куни Президент фармони билан “Меҳр-саховат” кўкрак нишони таъсис этилган эди. “Меҳр-саховат” кўкрак нишони тўғрисидаги низомда: – жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатгани; – танти ва олижаноб халқимизнинг буюк тарихий ва маънавий қадриятларини, миллий анъаналарини муносиб давом эттириб, меҳр-оқибат, саховат ва ҳиммат каби юксак фазилатларни улуғлаб келаётгани; – аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшгани; – хайрия ва саховат маблағларини тўғри ва холис йўналтириш, қийин аҳволга тушган аҳолига ўз вақтида беминнат кўмак беришдаги ташаббускорлиги; – бугунги мураккаб ва оғир шароитда жамиятда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашдаги фаоллиги; – беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мукофотланиши қайд этилган. Бир неча кунлардан бери турли давлат ташкилотларида хизмат қилаётган ходимларга кўкрак-нишони топширилаётгани ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушяпти. Aлбатта, бунга ҳеч кимнинг қаршилиги йўқ. Чунки кечаю кундуз халқ саломатлиги ва хотиржамлиги учун тик оёқда туришди. Уларга мукофот бериш керак албатта. Бирор фармонда назарда тутилган ишларда жонбозлик кўрсатган бирор оддий фуқарога кўкрак-нишон берилганини кўрмадик ҳам, эшитмадик ҳам. Пандемия авжига чиқиб, одамлар кўчага чиқишга ҳам хадиксираб турган бир пайтда улар ўз ҳаётларини хавф остига қўйганча қийналган одамларга кўмак берганини кўрдик. Бироқ уларнинг бирортасига эътибор намунаси сифатида бирор рағбат кўрсатилмади. Aслида уларга бу нишоннинг кераги ҳам йўқ. Лекин биз юқорида такидлаб ўтганимиздек, озгина эътибор ё рағбат кишига янада кўпроқ яхшиликлар қилишга куч беради. Умид шулки, кўнгиллиларнинг кўнглига эътибор ташланса, уларнинг сафи янада кенгаяди. Aхир улар шинам офисда ўтирганча, давлат халққа деб ажратган пулни қандай қилиб “ювиш” ҳақида ўйлашмаяпти, одамларга чин дилдан кўмак беришяпти. Бир фикр келади одамга, агар ўзининг ташаббуси билан кўмак бераётганлар кўнгиллилар дейилса, одамларга тарқатиш учун берилган пулни ўзи еб қўяётганларни кўнгилсизлар деб аташ керак бўладими?! Aхир фақат одамларда кўнгил бўладику. Ҳа, майли. Фурқат AЛИМAРДОН Korrespondent.uz


АКТУАЛ ХАБАРЛАР