Қидирув натижалари:

Жамият

Қуролли кучлар таркибида янги академия ташкил этилди

12:27, 24.10.2020 190

...

“Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети негизида Мудофаа вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган Қуролли кучлар Ҳарбий тиббиёт академияси (Академия) ташкил этилди. Академия давлат олий ҳарбий таълим муассасаси ҳисобланади. Қуролли кучлар таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар учун ҳарбий тиббиёт соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш Академиянинг асосий вазифаларидан биридир. Академияда таҳсил олиш учун 2021/2022 ўқув йилидан номзодлар Ўзбекистон олий тиббий таълим муассасалари даволаш факультетларининг бешинчи босқичини ва тиббий-профилактика факультетларининг тўртинчи босқичини энг юқори натижалар билан тамомлаган талабалар орасидан Мудофаа вазирлиги томонидан танлаб олинади. Академияда курсантларнинг мажбурий икки йиллик ўқиши қуйидаги босқичларда амалга оширилади: • биринчи йил – бакалавриатда; • иккинчи йил – Қуролли кучлар учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ҳарбий интернатурада. Академиянинг бакалавриат босқичини тамомлаган курсантларга дастлабки “тиббий хизмат лейтенанти” ҳарбий унвони ва “ҳарбий врач” мутахассислигини берадиган диплом ҳамда ҳарбий интернатурани тамомлагач, “тиббий хизмат катта лейтенанти” ҳарбий унвони ва тегишли мутахассислик берилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади. Академияга 2021/2022 ўқув йилидан Ўзбекистоннинг бошқа тиббий таълим муассасаларини битирган тиббиёт ходимларини тўлов-контракт асосида қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга рухсат этилади. Қарорга кўра, Академияда юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ҳарбий тиббиёт илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Академиянинг 2021 йил битирувчилари орасидан ўқиш якуни бўйича энг юқори кўрсаткичларга эга бўлганларга ҳарбий интернатурада ўқишни давом эттиришга рухсат берилади. Академиянинг педагогик фаолият билан шуғулланувчи раҳбари, раҳбар ўринбосарлари ва профессор-ўқитувчилар таркибига ҳамда Ҳарбий тиббиёт илмий-тадқиқот институтининг раҳбари ва илмий ходимларига қуйидаги миқдорда ойлик устама тўланади: • базавий лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида – фуқаро таркибидаги ишчиларга; • асосий лавозим маошининг 100 фоизи миқдорида – контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга. Шунингдек, Академияда ўқув ва ўқув-амалий машғулотларни ўтказишга бевосита жалб қилинадиган республиканинг бошқа тиббиёт муассасалари мутахассисларига педагогик фаолиятнинг ҳар бир академик соати учун БҲМнинг 10 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.


АКТУАЛ ХАБАРЛАР