Қидирув натижалари:

Дунё

Бразилия Хитойнинг коронавирусга қарши вакцинасини сотиб олишдан воз кечди

10:05, 22.10.2020 1828

...

Бразилия президенти Жаир Болсонару мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан имзоланган Хитойда яратилган COVID-19’га қарши вакцинани сотиб олиш ҳақидаги шартномани бекор қилди. Келишувга кўра Бразилия ССВ Хитойнинг Sinovac Biotech компаниясидан CoronaVac вакцинасининг 46 миллионта дозаси харид қилиши, вакцинани етказиб бериш 2021 йилнинг январь ойида бошланиши керак эди. «Бразилияликлар тажриба қуёни бўлмайди. Мана нима сабабдан мен бу вакцинани сотиб олмасликка қарор қилдим», — деб айтган Болсонару. Sinovac Biotech компанияси томонидан яратилган CoronaVac вакцинаси атрофида Бразилияда қизғин баҳс кузатилган. Мамлакат президенти Оксфорд университети томонидан яратилган вакцинани маъқул кўрган ҳолда, CoronaVac вакцинасидан фойдаланишга қарши чиққан. Сан-Паулу штати губернатори Жоуа Дориа эса Sinovac Biotech компанияси билан эришилган келишувни илгари сурган. Келишувга асосан, Хитойда яратилган вакцина Сан-Паулуда синовдан ўтказилиши ва ишлаб чиқарилиши керак эди. Шунингдек, Бразилия аввалроқ Оксфорд университети томонидан яратилган вакцинанинг 100 миллион дозасини сотиб олиш ҳақида келишувга эришган. Бразилия дунёда COVID-19 пандемиясидан энг кўп зарар кўрган мамлакатлардан бири бўлди. Мазкур мамлакатда 5,3 миллион кишида касаллик аниқланган, улардан 155 минг киши касаллик оқибатида вафот этган. Маълумот учун, Sinovac Хитойдаги тадқиқот компанияси бўлиб, вакцина яратиш ва уни сотишга ихтисослашган. Компания расмий сайтида маълум қилинишича, Sinovac Хитойда вакцина технологияси соҳасида 12 та патентга эга. Компания 2020 йилнинг январида CoronaVac инактив вакцина яратишни бошлаган. Компания клиник синовларнинг биринчи ва иккинчи фазасини Сзянсу провинциясида амалга оширган. 18-59 ёш оралиғида бўлган 743 нафар соғлом одам 14 кун фарқи билан вакцинанинг иккита дозасини қабул қилган. Дастлабки тадқиқот натижалари вакцина хавфсиз эканлигини кўрсатган. CoronaVac вакцинация амалга оширилганидан 14 кун ўтиб нейтралловчи антитаналар пайдо бўлишига олиб келади. Компания маълумотларига кўра, нейтралловчи антитаналарни ҳосил қилиш даражаси 90 фоизга ошган. Мазкур дори воситаси жиддий салбий оқибатларга олиб келмаган, бироқ Sinovac LS бу борадаги батафсил маълумотлар билан бўлишмаган. Иккинчи фазани 2020 йил охирларида якунлашни тахмин қилган компания июль ойининг бошларида клиник синовларнинг учинчи фазасига ўтаётганини маълум қилган. Синовлар Бразилияда Instituto Butantan маҳаллий иммунобиологик дори воситалари ва вакциналар яратувчи компания билан ҳамкорликда 18—60 ёш оралиғидаги 8870 нафар тиббиёт ходимлари ва кўнгиллилар ўртасида ўтказилаётгани ҳақида хабар берилганди.


АКТУАЛ ХАБАРЛАР