Қидирув натижалари:

Жамият

Олий таълим дипломли савдогар ёки уй бекаси етиштирадиган жойга айланиб қолди – оддий ўқитувчидан мураккаб фикрлар

15:56, 22.09.2020 236

...

Ўзбекистонда олий таълим тизими йиллар давомида қанча ислоҳотларга юз тутмади дейсиз. Гоҳ 100 баллик баҳолаш яна 5 даражалик баҳолаш тизимига ўзгартирилди, гоҳ кириш имтихонлари тест синовлари билан алмаштирилди. Лекин уларни бир фидойи педагог таъбири билан айтганда “боласи йўқ инсонлар” яратди. Фақат охирги йилларда тестология асосларига мувофиқ тестларни яратиш устида бош қотирилаётгандек бироқ ҳали тайинли натижа йўқ. Тест саволлари фақат билим эмас, балки малака ва тажрибани аниқлаш имконини бериши, унинг бир неча турлари мавжудлигини гўёки билмадик. Билдик, бироқ яратишга малакамиз етмади ёки эриндик. Бутун бошли тест маркази йил давомида нима билан шуғулланиши ҳамон савол остида. Тизимда коррупсияни буткул йўқ қилиб бўлмади. Форма ва давомат масалаларига ҳам янгича ёндашув кераклиги ойдинлашди. Негаки кеча дарсда доим қатнашган ва форма кийган намунали талаба бугун билимдон ва моҳир кадр бўлиб етишмагани маълум бўлмоқда. Рақобат йўқ – ривожланиш ҳам Шу йиллар давомида таълимда ривожланиш бўлмади, асосий сабаб – рақобат йўқ эди. Бир соҳада ўқиш учун фақат бир университет ва институтга кириш керак, танлов имконияти жудаям чегаранланган. ОТМ 2 та бўлса ҳам у ерда ўқитиладиган фанлар ва дастурлар бир хил эди. “Таянч олий таълим” тушунчаси дастурларни кўпайтириш ва меʼёрини ушлашга хизмат қилди, холос. Танлов бўлмаганидан кейин фарқи нима қаерда ўқишнинг. Соҳани танлаб кирган талаба, ярим йил ўқиб қизиқиши сўнди, аммо у 4 йил ўқишга мажбур, чунки бошқа йўналишга ўтиш амримаҳол. Қарабсизки, олийгоҳлар дипломли савдогар ёки уй бекаси етиштирадиган жойга айланиб қолди. Танлов йўқ. Талаба бўлсангиз ўзингиз қизиққан фанни ўқий олмайсиз, чунки режада кўрсатилганларини ўқишингиз шарт. Устознинг дарс бериши ёқмади, бу ерда ҳам танлов ҳуқуқингиз йўқ, муроса қилишга мажбурсиз, чунки баҳо олишингиз керак. Ўқитувчилар ўртасида ҳам рақобат йўқ. Ҳеч кимда ўз устимда ишламасам, ёмон дарс берсам, тадқиқот билан шуғулланмасам ишимдан айриламан, деган қараш бўлмади. Ўқитувчи “комиссия” учун ишлади, талаба учун эмас. Қоғозлар ва ҳужжатлар гапирди, амалда ҳаммаси юзаки бўлди. Хуллас, ёшлар университет, фан ва ўқитувчи танлаш ҳуқуқидан маҳрум таълимни мажбуран ўтади. Ҳамма олийгоҳда ўқиши шартми? Бизда яхшигина стереотип бор – коллеж ёки мактабни битирдингми институтга киришинг керак деган. Ривожланган давлатларда олий таълимга эҳтиёж сезгандагина ўқишга киради инсон. Унгача соҳа танлайди, ишлаб кўради, яхшилаб ўйлаб заруратга қараб олий таълимни танлайди. Бизда вақт ўтмасидан кириб олиш (фарқи йўқ қайси соҳада ўқишнинг), диплом қўлга теккач бошқа соҳада иш топиш ёки тижорат билан шуғулланиш одатга айланди. Чунки контракт миқдори йил сайин ошди, вақтдан ютиш керак эди. Кейин оила қуриш, фарзандли бўлиш ўқишга имкон бермаслиги масаласи ҳам мавжуд. “Ўзимдан кичкиналар билан ўқийманми?” деган кибрли қараш ҳам йўқ эмас. Ёки “дипломи бор қизларнинг совчиси кўп бўлади” деган стереотип фикр ҳам мавжуд. Хуллас стереотиплар гирдобида “қайси соҳага қизиқаман?” “нимага ўқишим керак?”, “ким бўлмоқчиман?” деган саволлар кўзга кўринмайди. Дипломли бўлиш маълум бир даражага эришиш сифатида баҳоланади. Ваҳоланки, диплом сизни шу таълимни ўтаганингиз ҳақидаги ҳужжат, холос. Сизнинг малака ва тажрибангиз кафолати эмас. Стереотипларни бузиш вақти аллақачон келди, чамамда. Велосипедни қайта яратишга уриниш… Хуллас, ўзгаришлар ҳанузгача натижа бермагач жаҳон таълимидаги модул-кредит тизимига юзландик. Ваҳоланки, бу тизимга бошқа қўшни давлатлар аллақачон ўтишганини гўёки кўрмадик. Мавжуд велосипедни қайта яратишга уриндик. “Хўрозқанд чет элники” бўлгани учун ўз йўлимиз, ўз моделимизда собитқадам бўлдик. Охир-оқибат шу “хўрозқанд”ни ҳам бир татиб кўришга қасд қилдик. Бир тарафдан дунё олий таълими рейтинги кўрсаткичларига монанд бўлиш масаласи қад кўтарган бўлса, иккинчи тарафдан пандемия мазкур жараённи тезлаштириб юборди. Aфсус, бизда масофавий таълим бўйича тажриба умуман йўқ эди. Бугун ҳолат қандай? Aлбатта, ўтиш даври доим қийин кечган, янгилик тарафдорлари ва уни қораловчилар ҳар қайси даврда ҳам бўлган. Бироқ сўнгги йилларда таълимга жиддий эʼтибор бериш кераклиги, у орқали иқтисодий ўсиш, тараққиёт ва яшаш даражамизни юқорилаш мумкинлигини англадик. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари кўтарилди, эркак устозлар таълимга қайта бошладилар. Илмий тадқиқот ишлари рағбатлантирила бошланди. Отто фон Бисмаркнинг “Кимда-ким таълимда иқтисод қилар экан, муқаррар қамоқхона қуришга мажбур” деган фикрларини англагандек бўлдик. Жамиятдаги аксарият муаммолар таълимимизнинг сифацизлигидан пайдо бўлаётганини тушундик. Модул-кредит тизими бизга нималарни ваъда қилмоқда? Таълимда бозор қонуниятларининг жорий қилинишини, таълим бериш хизмат кўрсатиш сифатида сифатли ва талабга жавоб бериши заруриятини ваъда қилмоқда. Негаки, ҳар бир фан ҳажми ва фундаменталлигига кўра кредитлар билан баҳоланиб, аниқ вақт ва маблағ миқдори билан белгиланади. Талаба оддий тил билан айтганда фанни сотиб олади ва қизиқишига кўра айрим фанларни танлаш ҳуқуқига эга бўлади. Иккинчидан мобилликни таъминлайди, талаба бошқа олий таълимга ўтиши, дастурларни танлаши мумкин. Рақобат муҳити шаклланади, бир соҳага ихтисослашган таълим даргоҳлари ўзаро рақобат қиладилар. Рақобатда устунликка эришиш учун ишлаб чиқариш, ижтимоий соҳадаги муаммолар тадқиқот ишлари мавзусига айланади ва ишлаб чиқарувчи корхона олий таълим билан ҳамкорликда иш олиб боради. Ёрқин ваъдалар… Буларни амалга ошириш учун шу кунларда нималар қилиняпти? Биз нималар қила олдик? Пандемия даври кўп нарсага янгича қараш кераклигини ўргатди. Модул-кредитга ўтиш зарурияти ҳам шу даврда англашилди. Янги ўқув режалар ишлаб чиқилди. Унда фан соатлари оптималлаштирилди, бир-бирини такрорлайдиган фанлар олиб ташланди, мустақил таълимга эътибор қаратилди. Тезликда янги ўқув режа асосида 4 йиллик ўқув дастурлари яратилди. Янги авлод адабиётларини яратиш иши бошланди. Бироқ булар шу қадар тиғиз вақтда қилиндики, сифат кўрсаткичи ортда қолгани аниқ. Шу боис, уларни янгилаш, вақт ўтиши билан янги ўзгаритиришлар киритиш имкониятини ҳам бериш зарур, акс ҳолда аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Карантин даври бошланганда масофадан ўқитиш тажрибамиз йўқлиги сабабли анча қийинчиликлар юз берди. Aввал телеграм каналларида дарслар давом этди, Моодле таълим платформаси ишга тушгач, барча фанлар доирасидаги материаллар у ерга юклатиш топшириғи берилди. Видеодарслар ёзиш мажбурияти кўплаб узтозларнинг саводсиз ва сифациз дарс ўтишларини ошкор этиб, ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди. Бу даврда ҳам катта муаммоларимиз ярқ этиб кўзга ташланди. Биз масофадан ўқита олмаймиз, талабамиз узоқ вилоятда яшайди, у ерда интернет йўқ, алоқа йўқ, деган иддаолар кўпайди. Бу муаммо ўқитувчиларда ҳам бўлди, платформа катта ҳажмдаги маълумотларни кўтара олмади. У ерга видеодарсларни юклаш тўхтатилди. ZOOM инструменти онлайн мулоқот қилиш имкониятини берди. Сентябрь ойидан дарслар ZOOMда ўтилсин деган топшириқ бўлди. Aфсуски, яна ўша интернет сифати сабаб бу ҳам бекор қилинди. Чорасиз қолдик ва яна бир мантиққа зид “кашфиёт” қилдик. Нима эмиш, “ўқитувчи дарс вақтида Моодле таълим платформасида онлайн туриши керак ва агар талаба савол берса жавоб бериши керак бўлади”. Савол бермаса-чи? Барибир ўқитувчи онлайн турсин, раҳбарият буни текширади. У ерга юклатилган материалларни талаба ўзи мустақил ўқиб олиши зарур. Даҳшат! Талаба шунга контракт тўлаши қай даражада мантиққа тўғри. Биз нимада хато қиляпмиз? Бундай ҳолат нега содир бўляпти? Чунки назорат қилаётганлари учун ишлаяпмиз. Сифат ҳеч кимни қизиқтирмаяпти? Таълим сифатининг ички назорат тизимини тадбиқ этиш жуда муҳим. Олий таълим муассасаси ўз иш услубини ўзи ташкил этиши жаҳон тажрибасида мавжуд. Масалан, Буюк Британияда университетлар мустақиллиги жуда кўп жиҳатларда намоён бўлади: ўқув дастурларни яратиш, ўқув жараёнларини ташкил этишдан тортиб, молиявий маблағлар ҳаражатларигача бўлган жиҳатларда университетлар мустақил. Шунда ҳам давлат уни молиялаштириш бўйича оқилона сиёсатни олиб боради. Таълим ва малака вазирлиги (Департмент фор Эдуcатион анд Скиллс – ДфЕС) мамлакатда таълим сиёсатини шакллантиради ва олий таълимни молиялаштириш учун масʼул ҳисобланади. У молиявий сиёсатни амалга ошириш ҳуқуқини Aнглияда Олий таълимни субсидиялаш бўйича кенгашга (ССВОA – Ҳигҳер Эдуcатион Фундинг Cоунcил фор Энгланд – ҲЕФCЕ), Таълим ва малака бўйича кенгашга (Леарнинг анд Скиллс Cоунcил), Ўқитувчилар малакасини ошириш агентлигига (Теачер Траининг Aгенcй) ва бошқаларга ўтказади. ОТМ фаолиятини ташқи баҳолашга талабалар ҳамда иш берувчиларни жалб этиш мақсадга мувофиқ. Бу ерда реал иш берувчи янги кадр шаклланишида қатнашади ва ўз талабларини билдириб туради, таълим муассасаси бу талабларга биноан ўқув дастурларига ўзгартиришлар киритади. Ҳозиргидек, бир дастур 4 йилга тасдиқланмайди. Шундагина сифат ўсиши кузатилади. Мазкур тизимда бозор ва давлат томонидан тартибга солиш механизми ўртасида мақсадга мувофиқ нисбатни топиш лозим. Дарслар қандай шаклда ўтилишидан қатъи назар, ўтилиши, “хўжакўрсин”га платформа материаллар билан тўлдирилмаслиги, асосий мақсад – билим беришда ҳар қандай воситадан фойдаланиш, қатъий чекловлар қўймаслик керак. Бутун тизим, яна аччиқ кулги ва ўткир танқидларга қолмаслиги учун ҳаракат қилиши керак. Оддий ўқитувчи


АКТУАЛ ХАБАРЛАР