Қидирув натижалари:

Жамият

Энг катта гуноҳ биз эркакларнинг бўйнида қолмоқда – ғайридинларга турмушга чиқаётган муслималар ҳақида Қобилжон қори муносабат билдирди

16:30, 27.09.2020 229

...

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда ўзбек хотин-қизлари Жанубий Кореялик ғайридинларга турмушга чиқиш учун номаълум агентлик томонидан ўқитилаётгани тасвирланган видео тарқалди ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Муслима аёлларнинг ғайридинга турмушга чиқиши билан боғлиқ воқеаларга Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси расмий телеграм каналида Қобилжон қори муносабати эʼлон қилинди.

“Исломда аёлларнинг ўрни, уларга берилган аҳамият тўғрисида гапирадиган бўлсак, Ислом диничалик аёлнинг шарафини кўтарган, улуғлаган, ҳурматини жойига қўйган дин бўлмаса керак. Қурʼонда аёллар сураси бор, эркаклар деган сура йўқ. Жаҳолат даврида ҳақиқатдан ҳам аёл зоти хўрланган. Уларга матоҳ сифатида қаралган. Одамлар қиз кўрганда айтишга уяладиган пайтлар бўлган. Бу воқеалар жаҳолат даврида бўлган. Ислом келиши билан аёллар зулумотдан нурга айланди, залолатдан ҳидоятга айланди, хурофотдан ҳақиқатга айланди. Халқ тили билан айтганда аёлларнинг ҳам кўкрагига шамол тегди, шароитлар яратилди. Бу мавзуни кўтаришдан мақсад ижтимоий тармоқда бир акамиз чиқиб, кўзларида ёш билан куйиниб гапирди. Ўзбек қизларимизнинг Кореяга, чет мамлакатларига турмушга чиқиб кетиш жараёни тўғрисида, у ерларга борган аёлларимизни хўрланаётгани тўғрисида бутун одамларга мурожаат қилди. Aллоҳ рози бўлсин! Улар кимнингдир қизи, онаси, синглиси ёки опаси қариндоши бўлиши мумкин. Уларнинг мана шундай қисматларга дучор бўлиши ачинарли ҳолатга айланмоқда. Бундан ҳам ачинарлиси, расмий ҳолатда, яъни Кореядан келган “махсус совчилар”нинг мактаблари очилиб, аёлларимизга Кореянинг маданияти, тилини, эр билан қандай муносабатда бўлиш ва оилада ўзини қандай тутиши ўргатилмоқда. У ерга қизларимизнинг тўдалашиб бораётганлиги уятли ҳолат эмасмикин?! Бизнинг миллатимизда, хонадонимизга совчи келадиган бўлса, чой олиб киришга уяладиган қизларимиз, Кореяга борадиганлар борми деса, 40-50 нафарлаб аёлларимизнинг у ерларга бораётганини кўриш биз учун исноддир. Ўша акамиз ўз чиқишида давлат раҳбарларига, хотин-қизлар қўмиталарига, диний идора ва имомларга мурожаат қилди. Бу жуда ўринли мурожаатдир. Лекин кези келганда айтамизки, диний идора бу ҳолатга бир неча йил олдин чора кўрган. Муфтий ҳазратларининг фатволари эълон қилинган. Жума намозларимизда аёлларнинг муқаддас зот эканлиги, уларнинг ҳаққи ва ҳурмати, жумладан, чет элга кетиши тўғрисида соатлаб маърузалар қилган пайтларимиз бўлган. Бизнинг миллатимизда бундай ҳолатлар бўлмаган-ку деб таъкидлаганмиз”, дейди Қобилжон қори. Шунингдек, Қобилжон қори бу ҳолатлар юзага келишида оилада эркак кишининг роли қай даражада эканлигининг ҳам таъсири борлиги хусусида ҳам тўхталади. “Мазкур мурожаатларимиздан кейин баъзи эркакларимиз норози ҳам бўлиб, ошириб юбормадингизми қори ака дейишди. Ҳамма кетаётган қизлар унақа эмас-ку, менинг ҳам аёлим неча йиллардан бери чет мамлакатларда юрибди бунақа салбий муносабат билдиришингиз керакмиди, деб гапирганларини эшитдик. Aлбатта, менинг гапираётган гапим ҳаммага тегишли эмас, лекин оталар бор, ўша қизларнинг акалари, жигарлари бор. Ўзимизнинг ҳамиятимизни қўлга олиб, назоратни кучайтириб, чет мамлакатга кетаётган аёлларимизнинг қисмати нима бўлар экан? У ерларда хор бўлишини кўзимизнинг олдига келтиришимиз керак, деб такрор-такрор айтган жойларимиз бўлган”, дейди Қобилжон қори Тошпўлатов. “Ҳурматли эркаклар! Ўзларингиз бир ўйлаб кўринг, хотин-қизларни бу йўлдан сиз қайтармасангиз ким қайтаради?! Минг афсус билан айтаманки, бу ҳолатларга кўплаб эркакларимиз кўз юмушмоқда, ҳаттоки, баъзи ҳолларда уларнинг ўзлари қизи, синглиси, опасини энг ёмони аёлини мазкур ишларга ундашмоқда. Энг катта гуноҳ биз эркакларнинг бўйнида қолмоқда. Кўзингизни очинг, ҳурматли диндошлар”, дея эркакларга мурожаат билан муносабатини якунлаган Қобилжон қори Тошпўлатов.


АКТУАЛ ХАБАРЛАР