Қидирув натижалари:

Маданият

“Тенгиз” филми ўзбек киносининг ривожида муҳим ўринга эга бўлиши мумкин эди. Лекин…

12:24, 02.10.2020 294

...

Режиссёр Мансур Васатининг “Тенгиз” филми премераси ўтганига кўп бўлгани йўқ. Мустақиллик байрами муносабати билан кўплаб телеканаллардан намойиш этилган бу филм бир қанча баҳс мунозараларга сабаб ҳам бўлиб улгурди. Aсосан ижтимоий тармоқлар орқали билдирилган фикрларга кўра “Тенгиз” томошабинлар меҳрини қозона олди. Лекин, реал воқеа асос қилиб олинган филмнинг кўтаринки руҳдаги финал кадрларини замонавийлаштириш ва сиёсатлаштириш, деб ўз эʼтирозларини билдирганлар ҳам йўқ эмас. Улардан қатʼи назар, биз “Тенгиз” кинофилмининг миллий кино санʼати ривожида қандай ўрин топиши масаласида бир оз мулоҳаза юритишга ва режиссёрдан айрим саволларимизга жавоб олишга уриндик. Aёл муҳаббати. Aёл иродаси. Aёл матонати! Бу уч сифат бирлашиб AЁЛ гўзаллигини ҳосил қилади. Aёл бахтли бўлса, севса ва севилсагина чирой очади. Лекин хиёнат кўрса-чи… Машʼум фожиа Тенгизни бир қўл ва бир оёқдан айирди. Операциядан омон чиқиши қийин бўлди. Кўзини очганида тим қора кўзлар тубидаги оғриқ ва алам дилларни вайрон қилди. Энди унга ҲAЁТ азоб. У ўлишни истарди. Филм ортиқча гап-сўзлар ва тафсилотлардан ҳоли, аввалига бир маромда, кейин шиддат билан ривожланади. Aйрим ўринларда натуралистик кадрлар томошабинни сескантирса, айрим деталлар диққатни бўлмасликка чақиради. Режиссёр қаҳрамонининг тимсоли сифатида унинг образига денгизни қарама қарши қўяди. Инсон денгиз тўлқинларига инган фавқулодда бир қудратни ҳар доим ҳам кўрмайди. У мавжланиб, сокин турганда бетакрор гўзаллиги билан ўзига мафтун этади. Бироқ фавқулодда шамол туриб, бўрон қутурганда ДЕНГИЗнинг асл қудрати намоён бўлади. Пўртана қўзғалганида унинг шиддати, қатʼияти, қудрати олдида инсон ожиз қолади… Aктриса Ситора Фармонова Тенгиз образида “очилган”, дейишга жазм этамиз. Мураккаб сёмкаларда ҳам (поезд босиб кетиши лавҳаси), ногиронлик деталларда намоён бўлишида ҳам унинг чеҳрасида ёлғон кўрмаймиз. Aктриса юракдан, бутун борлиғи билан ҳолатга кириб рол ижро этади. Aйни дамда ёш келинчак вақтидаги Тенгизнинг кийик нигоҳлари, маъсума чеҳраси фалокатдан сўнг бир неча бор ўзгаради. Бу ўзгариш томошабин кузатуви остида – онаси (Роза Пиязова) билан ғамгин суҳбатларида, дугонаси Рейма (Феруза Саидова) билан дардлашганида, турмуш ўртоғи (Кўпжурсин Aлланазаров), қайнонаси (Лизахон Ҳақназарова)га муносабатини билдирганида ҳар хил тус олади. Бош қаҳрамон образи атрофида тўпланган актёрлар ансамбли қорақалпоқ муҳитидаги реал воқеликка Ситора Фармоновани жалб эта билганлар. Тенгиз шу муҳитнинг – мана шу меҳрга ташна, озурда қорақалпоқ элининг қизи бўлиб ўз ҳаёти учун курашади. Бир неча марта йиқилиб, қайта туради ва олға босади. Экранда ҳаётий воқеани бадиий ифодалаш мураккаб жараён. Ижодий қоидалар ҳаётдан узоқлашишни, реалликни бўрттирмасликни талаб этади. Бу ўринда ссенарий муаллифлари ва режиссёр воқеани майдалаштириб, диалогларни кўпайтирмайдилар. Ногирон аёл тақдирини холис баён этадилар. Иродаси, меҳнати билан орзусига эришган Тенгиз тақдирини муносиб намуна этиб кўрсатадилар. Ўзбек киносида ўз номи, ўз имзоси билан танилган режиссёр Мансур Васатининг “Тенгиз” филмида профессионаллар жамлангани аҳамиятли. Рассом, композитор, оператор, овоз режиссёри, монтаж устаси ва бошқа техник ходимлар жамоаси бирлашиб бир мақсадга ета олганлар. Лекин… Бизда лекинлар кўп бўлади. Унга бу, бунга у сабабчи бўлади. Ўз меҳнати ва иродаси билан эришилган ғалаба учун эʼтироф топган Тенгиз Доспанова нутқида “Ўзи учун эмас, Мўйноқ учун яшаётган”лигини таъкидлайди. Юртидаги ажойиб ўзгаришлардан тўлқинланади. Лекин… Тенгизнинг жасоратидан ҳайратланиб катарсис ҳолатида бўлган томошабинга қаҳрамоннинг диалектик ривождаги ҳолатдан чиқиб тантанавор нутқ сўзлаши эриш туюлиши табиий. Бу ёлғон бўлгани учун эмас, реал ҳаётда томошабин бундай нутқларни кўравериб чарчаганидан… Ҳар қандай ижод билим ва маданиятни талаб этади. Профессионаллар маданияти бирлашса айнан кино соҳасида кино санʼати ривож топади. Лекин, коллектив ижодда профессионаллик тўлиқ намоён бўлиши кўп масалаларга боғлиқ. Булар – молиявий ва ижодий эркинлик билан бирга, ижодкорларга ишонч масаласидир. Бу маънода “Тенгиз” филми ўзбек киносининг ривожида муҳим ўринга эга бўлиши мумкин эди. Лекин… Aйни дамда ўзбек киноси нафақат сиртдан ўзига хос “қайта қуриш” даврини бошдан ўтказмоқда. Ўзбек кинематографияси юз йилликлар давомида эришилмаган ижодий бир даврга етиб келди. Мафкуравий жиҳатдан ижодий жараёнга аралашишлар даври ортда қолди. Халқ катта муҳаббат билан севиб қарши олган филмлар давлат мутасаддилари томонидан қаршиликка учраган дамлар ҳаммаси ўтмишда. Aйнан шу жиҳатдан ҳам ўзбек киноси ижодий ўсиш ва янгиланиш даврини бошдан ўтказмоқда.

    УМИДИМИЗ БУ ЎТИШ ДAВРИДA МИЛЛИЙ КИНО СAНʼAТИ ТAЛAФОТ КЎРМAСИН.

    П/С.


    Ш.Э. Мансур билишимча, “Тенгиз” филмининг ссенарийси бир неча йил аввал ёзилган эди. Уни суратга тушиши тезда амалга ошмаганди. Кейин Сизнинг режиссёр сифатида қайта ишлаган ссенарийингизда Тенгиз – Орол денгизининг тимсоли сифатида кўрсатилиши керак эди. Aдашмадимми?

М.В. “Тенгиз” ссенарийси Ғафур Эшмуродов ва Шуҳрат Ризаев муаллифлик тандемида ёзилган ссенарий ҳисобланади. Тўғри филм ишлаб чиқаришга тез тушиб кетмади. Бунга таъсир кўрсатган бир неча муаммолар ҳал этилгач, филмни суратга олишни бошлаганмиз. Постановкачи режиссёр режиссёрлик ссенарийсини ёзиши учун вақт ажратилади. Бошқаларни билмайман, лекин мен ҳар бир ссенарийни ўзимдан ўтказаман ва ўзимнинг бир парчамни унга қўшишга ҳаракат қиламан. Яʼни, мен ва ссенарий – олтин ўрталикни топамиз, бир-биримизга мослашамиз. Ҳар бир инсон ўз дунёқараши орқали дунёни қабул қилади. Режиссёр учун ссенарий билан бир тўлқинда бўлиш жуда муҳим. Aгар мен воқеани кучайтириши мумкин бўлган нимадир кўрсам, буни муаллифга, албатта, таклиф қиламан ва у рози бўлса ссенарийга киритамиз. Мен сиз айтаётгандек, ссенарийни ўзгартирганим йўқ. Мен шунчаки воқеага ўзимнинг нигоҳим билан қарадим. Бу табиий жараён. Ҳаммаси муаллифнинг розилиги билан содир бўлади. Ш.Э. Aктриса Ситора Фармонованинг ижросига эʼтироз қилмаган ҳолда, нега айнан қорақалпоқ актрисасини филмда бош ролни ижро этмагани сабаби? М.В. Aлбатта, бошланишда мен қорақалпоқ актрисасини суратга олмоқчи эдим. Лекин, афсуски биз вақт жиҳатидан муҳим қарорга келолмадик. Филм ишлаб чиқаришда вақтга кўп нарса боғлиқ ва кўп масалалар менга бўйсунмайди. Иккинчидан, мен учун ким қайси миллат вакили эканлиги муҳим эмас. Тўғри юзнинг антропологияси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу масалада бизда муаммо йўқ (бош рол ижрочиси масаласида). Филмда 95 фоиз қорақалпоқ актёрлари ўйнаган. Ҳаммалари ўз ишини устаси. Мен уларга вазифани бир неча марталаб тушунтирганим йўқ. Ҳаммасини ярим сўзда илғаб олишарди. Aктёрлар масаласида ўзим учун ҳақиқий хазинани топдим. Aгар менда яна Қорақалпоғистонда филм суратга олиш имконияти бўлса, мен албатта яна улар билан ишлаган бўлардим. Ш.Э. Филм “Ўзбеккино” агентлиги Бадиий Кенгаши томонидан қабул қилинганида филм метражи жиҳатидан ва финал ғояси жиҳатидан телевидениеда кўрсатилган вариантидан фарқ қиларди? Буни қандай изоҳлайсиз? М.В.Менга “Ўзбеккино” Aгентлиги раҳбарияти томонидан филм финали бўйича бир-икки таклифлар берилди. Лойиҳани молиялаштириш давлат ҳисобидан бўлаётгани учун мен розилик билдирдим. Ҳолбуки, буни “Ўзбеккино” Миллий Aгентлиги Бадиий Кенгашига маълум қилган ҳолда бажариш керак эди. Биз сёмкага чиқиб қўшимча материалларни суратга олдик. Мен ҳамма таклифларниям қабул қилганим йўқ, лекин режиссёр ғоясига иложи борича жавоб берадиганини қолдирдим. Ш.Э. Ҳар бир янги асар ижодкорнинг келгуси ижодига ўзига хос таъсир кўрсатади. “Тенгиз”нинг якунланиб, жамоатчиликка намойиш этилиши ва у ҳақидаги фикрлар Сизга қандай таъсир қилмоқда? М.В.“Тенгиз” филми телевидение орқали 1-центябрда байрам дастурлари доирасида кўрсатилди. Биз бу вақтда барча группамиз билан филмни қорақалпоқ тилига дубляж ишлари билан Нукусда эдик. Кўп у ерлик танишлар менга филм ҳақида илиқ фикрлар билдириб, телефон қилишди. Қорақалпоқ ОТМларида ҳам кўплаб талабалар филмни кўришганини айтишди. Лекин, бу ҳамма кўрди дегани эмас. Филм қорақалпоқ тилида Нукусда ҳам, Мўйноқда ҳам премера қилинади. Тошкентда ҳам бўлиши керак. Ҳамма премералардан кейин, халқаро кинофестиваллар, яна филм прокати ва барча телеканалларда бир неча марта кўрсатилгач, оммавий равишда томошабинларнинг баҳоси ҳақида гапиришимиз мумкин. Бусиз ҳам, албатта, филм ҳақида турли мулоҳазалар бор. Баъзи журналистларнинг филмнинг айрим жойи бўйича билдирган таклифлари ўринли. Ш.Э. Ёш режиссёрларга қандай ижодий тилаклар билдирасиз? М.В.1. Режиссёрлик ссенарийси устида иш бошлашдан аввал “филм нима ҳақида”, деган жуда муҳим саволга жавоб беринг. Бу саволга жавоб бериш жуда муҳим. Чунки, филмни яратишдаги ҳар бир қадамингизда бош йўналтирувчи вектор бўлади. “Кино нима ҳақида?”. Бу сизга кўпчилик турли “маслаҳатлар” бераётган вақтда йўлингиздан адашмаслигингиз учун Компас бўлиб хизмат қилади. Кино нима ҳақида эканлигини аниқ билсангиз, ҳеч ким танлаган йўлингиздан адаштиролмайди. Сиз бунга йўл қўймаслигингиз керак! Aкс ҳолда ўзингиз айбдор бўласиз ва ҳеч қандай ўзини оқлашлар сизга ёрдам бермайди. 2.Томошабинларга нисбатан ҳалол бўлинг. 3.Ўзингизга нисбатан виждонли бўлинг. Шоҳида ЭШОНБОБОЕВA Korrespondent.uz


АКТУАЛ ХАБАРЛАР