Қидирув натижалари:

Жамият

Андижонда энг кўп қонун бузилишига йўл қўйган давлат хизмати кўрсатувчи ташкилотлар номи маълум қилинди

12:44, 04.05.2021 438

...

 

Олтинкўл туман Давлат хизматлари марказида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ва унинг шаҳар, туманлардаги тизимлари томонидан 2021 йилнинг 4 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди

 

Унда республика ҳамда вилоят ҳудудида фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ва ҳамкор ташкилотларнинг ахборот хизматлари органлари иштирок этдилар.

Матбуот анжуманида сўнгги йилларда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизими ислоҳ қилиниб, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича бошқарма томонидан 2021 йилнинг 4 ойи мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

- 2021 йилнинг 4 ойи давомида жисмоний ва юридик шахсларга вилоятдаги Давлат хизматлари марказлари томонидан 240 мингга яқин хизмат кўрсатилган бўлиб, уларнинг 182 416 таси бўйича шахсан, 10286 таси эса интернет орқали қабул қилинган, - дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Абдураҳмон Алимов. - Энг кўп мурожаатлар болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун ариза бериш, Жисмоний шахслар учун солиқ тўловчининг идентификацион рақамини олиш ва аниқлаш, руҳий касаллик ҳисобида туриш ёки турмаслик ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумот олиш бўйича келиб тушган. 4 ой давомида 5 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилган бўлиб, шундан 6 таси хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ҳисобланади.

Қайд этиш лозим, ўтган давр мобайнида бошқарманинг Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими томонидан хизмат кўрсатувчи ташкилотлар масъуллари томонидан 5653 та қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги аниқланган. Уларнинг 5291 таси муддатни бузиш, 215 таси тўғридан-тўғри хизмат кўрсатиш, 9 таси асоссиз рад қилиш ва 138 таси бошқа тусдаги қонун бузилишларни ташкил қилган.

-Аниқланган ҳолатлар юзасидан 113 та ёзма огоҳлантириш ва 8 та тақдимнома киритилган,- дейди бошқарма бўлим бошлиғи Султонбек Исақов. - Давлат хизмат кўрсатувчи ташкилотларининг 83 нафар мансабдор ва масъул ходимларига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жазога тортилган. Яна 19 нафар ходимга нисбатан эса интизомий таъсир чоралари қўлланилган.

Давлат хизматларини кўрсатишдаги ноқонуний ҳаракатлар бўйича биринчи учликдан 1827 та ҳолат билан соғликни сақлаш муассасалари, 1320 та ҳолат билан "Ўзбекэнерго" АЖ тизими корхоналари, 1208 та ҳолатда сув таъминоти, канализация ташкилотлари ҳамда 618 та қонун бузиш билан Кадастр агентлиги тизими идоралари жой олган.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ,


АКТУАЛ ХАБАРЛАР