Қидирув натижалари:

Жамият

Рауф Парфи ҳақида СЎЗ

21:32, 07.04.2021 96

...

«Бир дарахт. Сокин. Жим турибди. Ҳеч нарса демайди. Қайғули. Кўнгил шу дарахт томон интилади. Шу дарахт сизни кўпроқ тушунадигандек. Вағиллаб юрган, ҳиринглаётган одамлар бояги дарахтнинг ёнида пасайиб кетади. Дарахт жуда ақлли кўринади. У кўп нарсани биладигандек. Зарур бир гапни айтмоқчи бўлаётгандекми…»

                                                                                                                                                                                                                                                                            (Рауф Парфи )

     … Дунёда шоирлар кўп, катта-катта кутубхоналар бор, шуларни ўқиб бемалол яшаса бўладику. Нега мен шеър ёзишим керак? Мияда шубҳали саволлар кўп. Аммо Твардовскийнинг гапи бор: «Толстой бўлсанг ўзингга, мен ҳам шоирман» … ( «Тут гуллаган пайт» , Рауф Парфи билан суҳбат, «Суҳбатдош» газетаси, 1999 йил, февраль ).

Бу сатрлар даҳо шоирнинг қисмат унга шеър ёзмасликка изн бермаслигини англаб етган иқрори эди. Ҳа, у шеър ёзмаслиги мумкин эмасди. Яратилиш чоғида қалби ва қисматига жойланган ишқ ва дард ёзмасликка изн бермасди, зинҳор… Зинҳор, у вужудини олов янглиғ куйдираётган изтиробларини битмаслиги… Зинҳор…

Табиат уни чин санъаткор қилиб яратганди. Йўқ, у санъат яратиш иштиёқида хаёлий изтироблар ўйлаб топмади.. Аксинча, оғриқлари, дардлари уни санъаткор қилди.

Ҳайҳотдек тун ичра бир ўзим,

Юлдузларнинг нурлари оғрир

Кўзларимга келиб санчилиб.

( Рауф Парфи, Сайланма. Тошкент: Академнашр, 2013. 71-бет ).

Агар мисраларга эътибор қилинса, шоир чексиз осмонда чақнаб турувчи юлдузларнинг нурлари унинг кўзидаги дардга келиб тўқнашганида, бу кўздаги қайғудан оғриқ топаётгани англашилади. Яъни, шоирнинг изтироблари шу қадар кучлики, ҳатто юлдузларнинг бунга бардоши етмаяпти. Ажабланарли ҳол…Ҳатто хаёлга бунчалик бўрттиришнинг нима кераги бор деган фикрлар ҳам келиши табиий. Бу қандай дард бўлиши мумкинки, шоир унга бунча юксакдан қарамоқда? Коинотнинг мўъжизаси янглиғ порлагувчи юлдузларнинг нурлари нега бир шоирнинг кўзи ила тўқнашганда ундан оғриқ топаркан? Қандай қилиб бир инсон ўзининг дардини юлдузнинг нурига менгзамоғи, ёинки унданда устун қўймоғи мумкин?

Рауф  Парфи ижодидаги деярли барча шеърларда ана шундай жавобсиздек туюлгувчи саволлар, чуқурроқ ёндашишга, таҳлил ва тафаккур қилишга ундагувчи ўринлар бениҳоядир. Бу бениҳояликнинг боизи  биз юқорида таъкидлаган – дард, шоирнинг мулки бўлмиш – дард эди.

Бу шундайин бир дард эдики – Рауф Парфининг бахти ва бахтсизлиги мувозанати унда муаллақ турарди, гўё…

Ажойиб диёрсан, қалбим, на чора,

Шодлик ва ҳасратнинг маскани сенда.

 ( Рауф Парфи. Сайланма. Тошкент: Академнашр, 2013. 335-бет )

Бу шундайин бир дард эди – ундан на қочиш, на кечиш, на уни тугатиш мумкин. У муттасил ва муқаррар қисмат эди шоирга. Ҳар қандай қабиҳлик, алдов, хиёнат, чиркинлик – қалбининг туб-тубига оғир зарб бўлиб тегарди. Бу дарднинг номи – миллат, юрт қайғуси, яъни Туркистон дарди эди. Бу- бутун туркий олам қайғуси эди. Ўзи таъкидлаганидек: «Мени қайғули ёзишимга сабаб бўлган туйғу – бу Ватанга бўлган муҳаббат туйғусидир. Ватани қулликда азоб чекаётган шоир қайғули ёзишга мажбур» («Тут гуллаган пайт» .Рауф Парфи билан суҳбат. «Суҳбатдош» газетаси, 1999 йил, февраль ). У шу муқаддас муҳаббат ва изтироб билан туғилди, яшади ва ўлди. У Барча туркий халқларнинг озод, эркин, бир-бири билан оға-ини бўлиб, бир бутун бўлиб яшашини истарди. Бутун туркий халқларнинг мероси, маданияти омухта экани, бу маданият ва меросни якдилликда ўрганиш ва ривожлантириш  кераклиги ҳақида гапирарди. Ўзи ҳам бу йўлда университетларда «Турк дунёси адабиёти» курсини ўқитишни таклиф этади. Дўстлари учун «Турк дунёси шеърияти“ дастурини ёзади.

Излаганим ёлғиз муҳаббат,

Саболарга шеърлар куйлайман.

Тоқатимга тилайман тоқат,

Оҳ Туркистон, сени ўйлайман.

(«Сакина», Сайланма. Тошкент: «Муҳаррир», 2О13. 137-бет)     

Шеърда муаллиф ёридан унга қолган ёлғиз нарса унинг овози эканлиги, уни қумсаганида хотирасида жонланган ёрнинг овозидангина баҳраманд бўла олиши таъкидланмоқда. Аммо, оддий китобхон наздида мисрада мантиқсизликка йўл қўйилганлиги ҳақидаги шубҳалар бўлиши ҳам табиий. Негаки, овоз жисм даражасида эмас экан, уни қандай ўпиш мумкин? Ахир овоз ёки товуш фақат эшитилиш хусусиятигагина эга. Иккинчи мисрага эътибор қаратилганда ҳам бир қарашда,айни шу, мантиққа зид тасаввур яна давом эттирилгандек, гўё: «Кўзларимга кириб музлаб қолар овозинг». Наҳот, муаллиф чиндан ҳам атай мантиқсизликка йўл қўйган? Асло…

Синчиклаб назар солинганда, бу ўринда мантиқсизлик эмас, балки, кўзга сингиб кетган улкан дарднинг ўзига хос, гўзал санъаткорона тасвири борлиги англашилади. Яъни, шоирга муҳаббатдан қолган ёлғиз эсдалик, хотирот – унинг хаёлларига жойланиб олган овозлардир. Бу овозлар тобора, ҳар ёдга олинганида ўзи билан биргаликда ўтли соғинчни бошлаб келади. Соғинч эса тобора кучаяди, энди унинг номи чеки йўқ изтиробга айланади ва бу изтироб инсон қалбида макон топади. Аёнки, қалбдаги қайғу кўзда аксланади, кўзда намоён бўлади. Зероки, кўз – қалб ойнаси эканлиги айни ҳақиқатдир.

Санъаткор ҳам айнан, овознинг қулоққа эмас, кўзга киришини дард ва изтироб кўзларида муттасил қотиб қолганлигини музлаб қолишга менгзамоқда. Бу – қалб кўзи орқалигина кўриш мумкин бўлган тиниқ тасвир…

Сўнгги сатр эса одатий якунланади: «йўқотув ҳиссини  туяр кўксим сирқираб».

Рауф  Парфи ижодидаги эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлардан яна бири кенг фалсафий қарашлар ва фожеавий манзараларга шеърларида айрича ўрин ажратилганлигидир. Айниқса, фожеа бу борада етакчилик қилади. Дарвоқе, буни шоирнинг ўзи айтмиш:  «Санъаткорнинг миясида олам фожеаси айланади. Тушунган, англаган инсон ҳамиша оғриқ, фожеа билан яшайди. Агар, таъбир жоиз бўлса, шундай айтиш мумкин – фожеа инсон билан туғилган аниқ нарса ( «Тут гуллаган пайт», Рауф Парфи билан суҳбат.  «Суҳбатдош» газетаси, 1999 йил, февраль ) каби сўзлари ҳам исбот этади.

Фожеа гоҳи шоир(инсон) руҳи ва тақдирида, гоҳи, ватан, миллат тақдирида бўй кўрсатади.

Ҳолбуки, айланар олам ақлимда

Унинг рангларига бўялмиш жигар.

Беш қўлим синггари таниш иқлимда

Ишончсиз яшамак оғир нақадар.

( «Туркистон руҳи», Сайланма. Тошкент: «Шарқ», 2013. 174-бет )  

Ёки:

Хотирамнинг қаър-қаърида тарих

Доим сўзлаб турар эзгин ҳикоя.

Тутқун қуш синггари қолурман ғариб

Руҳимга булутлар ташлайдир соя.

 

(«Туркистон руҳи», Сайланма. Тошкент: «Шарқ», 2013. 124-бет )     

Биринчи шеърда ижодкор ўзига таниш олам ва одамлар ичида ҳеч кимга ишона олмаслиги, бундан бениҳоя азият чекиши ҳақида ёзган. Чиндан ишонишни ҳохлаши, бироқ бунинг уддасидан чиқолмаётгани дилини нақадар хуфтон қилганини баён қилмоқда.

Иккинчи шеърда эса, ватан тарихини ҳар сафар ёдлаганида бу тарих унга фақат эзгин ҳикоялар сўзлаши, қолаверса, ўзи умр кечираётган бугунги кун ҳам ватаннинг эртангги, эзгин ҳикоя сўзловчи тарихига айланаётганидан надомат чекади.

Айтиш жоизки, қуйидаги фожеаларнинг ҳар иккаласи ўртасида узвий аълоқадорлик мавжуд. Зеро, миллат тақдирида содир бўлаётган зулм, тутқунлик, камситилиш жамиятнинг энг таъсирчан аъзоси бўлмиш шоир руҳиятига безовталик олиб киради. Ундаги руҳий безовталик эса уни ташқи дунёдан четлашишга мажбур этади ва шахсий турмушига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказади. Шундай вақтлар бўладики у на ўзи, на ташқи олам билан муросага келолмайди. Фақат шеър унга таскин бериши мумкин эди. Шу сабаб у бутун вужуди ила бор диққат-эътиборини шеър ёзишга қаратади. Ваҳоланки, бу нарса Рауф Парфининг оилавий фожеасига сабабкор бўлади. Шу боис « …Руҳим, фикрим шеърда edi.Balki, шеър сабабчи бўлгандир оилавий фожеамга»(«Тут гуллаган пайт». «Рауф Парфи билан суҳбат. «Суҳбатдош»газетаси, 1999 йил, февраль) – дейди унинг ўзи.

Рауф Парфи ижодининг дастлабки даврлариданоқ шеърларида ҳақиқатга бўлган ташналик, ҳаётнинг шавқатсиз, аччиқ юзини бор бўйича, пардозсиз тасвирлаш кўзга ташланади. Шу сабабли унинг ёзганлари барчага бирдек маъқул келавермасди. Балким, шу сабабдандир Рауф Парфи ёзганларини тўплаб, «Эрк» деб номланмиш дастлабки китобини чоп этишга бел боғлаганида унга бир қадар қаршиликлар кўрсатилган, охир-оқибат бу китоб нашриётнинг ўзида чоп қилинмасдан йўқ қилиб юборилади. Қолаверса, ундан кейинги китобларини чоп этиш жараёнларида, Рауф Парфи ижодини ўрганиш ва ўргатиш борасидаги ишларда ҳам анча оқсоқликларга йўл қўйилади.

Рауф Парфи гарчи ўз замонинг илғор санъаткори эди. Бироқ, бу нарса унинг ночор ҳаётини яхшилай олмасди. Чунки у ёзганлари сабаб, кескин танқидий фикрлари сабаб бирор бир идорада узоқ муддат фаолият олиб бормаган.

Рауф Парфи четдан қараганда бахтсиз, омади юришмаган кимсадек кўринади: «Фақат шоир ҳақли бахтсиз бўлмоққа…». Аммо, нима бўлганда ҳам у ўзининг ёзганлари, ўзигагина тегишли олами доирасида жуда бахтли зот эди. Боиси, у юрак амри ила яшаган ва ёзган, ҳаёти қийинчиликлар, камситилишлар ила кечсада виждони, ватани ва шеърият олдида юзи ёруғ эди. Ана шу нарса унга куч берган.

 

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Рауф Парфи ижоди ҳали ҳамон сирли бир тилсимга ўхшайди. Бу шеърият ҳали кўп татқиқодларга, ўрганишга муҳтож. Биз ундан ўрганишимиз, ўргатишимиз, изланишлар олиб боришимиз керак бўлган жиҳатлар бисёр. Аммо, Рауф Парфи ижоди анчагина мураккабликларга эга санъат бўлганлиги сабабидан бугун ҳам китобхонлар бу санъатга унчалик ҳам катта диққат қилмаётгани бор гап. Китоблари тарғиботида ҳам анчагина оқсоқликлар мавжуд. Тўғри, бугун шеър ҳам, шоирлар ҳам жуда кўп. Аммо ўз ижодидан катта бир мактаб яратган, улуғ санъаткорлар ижодига бефарқлик адабиётимиз, шеъриятимиз ривожига тўсиқ бўлиши табиий. Шу маънода Рауф Парфи ижоди адабиётимизнинг, катта мънавий хазинамизнинг бир бўлаги эканлигини унутмаслик жоиз, назаримизда.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                 Шахноза Хасан қизи.


АКТУАЛ ХАБАРЛАР