Қидирув натижалари:

Жамият

Олий Мажлис Сенати Қозоғистон- Ўзбекистон чегарасидаги тирбандлик билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди

20:32, 31.03.2021 1238

...

Сенат Қорақалпоғистон божхона бошқармаси тасарруфидаги «Даут-ота» чегара божхона постида юзага келган тирбандликлар юзасидан изоҳ берди.

Маълумотларга кўра, тирбандлик Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ўрганилди. Ўрганиш натижасида «Даут-ота» чегара божхона пости орқали кириш ва чиқиш йўналишида ҳаракатланган автотранспорт воситалари оқими қуйидаги омиллар сабаб кўпайгани аниқланди:

  • пандемия шароитида Туркманистонда карантин тадбирларининг кучайтирилгани ҳамда Туркманистон ҳудуди орқали автотранспорт воситаларининг ҳаракати чеклангани сабаб автотранспорт воситалари Ўзбекистон–Қозоғистон–Россия–Грузия–Туркия йўналишида ҳаракатланмоқда;

  • қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши натижасида Қозоғистон, Ақтўбе вилояти Иргиз қишлоғи орқали ўтувчи йўлнинг музлаши, шунингдек, Россиянинг жанубий вилоятларига юкни етказиб берувчи ташувчилар учун «Даут-ота» чегара божхона пости орқали ҳаракатланиш қулай бўлмоқда (масофанинг қисқалиги ва йўл харажатларининг камлиги);

  • Ўзбекистон билан Туркия давлати ўртасида имзоланган келишувга асосан, ташқи савдо юкларини ташувчи томонлар автотранспорт воситалари учун қулайлик ва енгилликлар яратилгани сабаб Туркия ҳудуди орқали Ўзбекистон ташувчиларининг ҳаракатланиши кўпайган.

Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган автотранспорт воситалари божхона постида белгиланган муддатларда қўшимча вақт талаб қилмаган ҳолда божхона кўригидан ўтказилмоқда. Қайд этилишича, қозоқ-ўзбек давлат чегарасида юзага келаётган тирбандликни бартараф этиш мақсадида Қозоғистон томони билан Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти даражасида ҳар ҳафта, масъул бошқармалари даражасида ҳар куни, божхона пости даражасида ҳар икки соатда мулоқот қилиниб, бир-бирига кўмаклашган ҳолда тезкорлик билан мавжуд муаммолар ечими топилмоқда.


АКТУАЛ ХАБАРЛАР