Қидирув натижалари:

Маданият

“Ўзбек киноси жар ёқасига келиб қолган” – бир гуруҳ киноижодкорлар Саида Мирзиёевага мурожаат йўллади

05:57, 29.09.2020 172

...

Таҳририятимизга бир гуруҳ киноижодкор ўзларининг Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш Комиссияси аъзоси, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевага йўллаган мурожаатини чоп этишимизни сўраб тақдим этишди. Мурожаатни эътиборларингизга ҳавола қиламиз. “Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш Комиссияси аъзоси, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари С.Ш.Мирзиёевага Ҳурматли Саида Шавкатовна!

Киноижодкорларнинг ишлаб чиқариш жараёнидаги филмларини сунъий равишда тўхтатиш, уларни раҳбарга мойиллигига қараб “яхши-ёмонга” ажратиш, бу гуруҳларни бир-бирига гиж-гижлаш, киноларга сарфланган маблағлар тўғрисида нотўғри маълумотларни Интернет тармоқларда жойлаштириб, оммада ўзбек миллий киноси ҳақида нохуш кайфият шаклланишига туртки бериш ҳолатлари кундан-кунга авж олмоқда. Aйниқса, туҳмат янги раҳбар ва унинг атрофидаги кимсаларнинг энг яхши қуролига айланган. Бу каби туҳматлар билан илгари тўқнаш келмаган киноижодкорлар, киномутахассисларнинг соғлиқлари ёмонлашган (ўлим ҳолати ҳам қайд этилган) вазиятлар жуда кўп содир бўляпти. Ўзбек киносидаги бугунги вазият ҳақида яна кўп ёзишимиз мумкин. Фактлар ҳам кўп. Лекин Сизнинг қимматли вақтингизни тафсилотлар билан банд қилиш ниятимиз йўқ. 2020 йил 26 август куни “Миллий” телеканалида киноижодкорлар билан юзага келган муаммолар ҳақида суҳбатлашилиб, бу кўрсатув эфирга узатилди. Бу кўрсатув омма орасига кириб боришга улгурган нотўғри маълумотларга бироз бўлса-да ойдинлик киритди. Сизга мурожаат қилишимизнинг сабаби жуда катта босим ва тазйиқларга учраётган аёлларимиз учун, Сиз бир нажот тимсолидексиз, гўё. Тўғри, бу биз ёзаётган илк мактуб эмас. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ёзганимиздан кейин бошқа ташкилотларга ҳам мурожаат этдик. Машҳур кинорежиссёр Ўзбекистон санъат арбоби З.Мусоқов ҳам бедодликка чидаёлмай Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевга мурожаат этди (Президент халқ қабулхонаси орқали 2.09.2020 й. тартиб рақами 8187-ар/20 ва Президент веб-сайтига ва 3.09.2020 й.да тартиб рақами 82905-с/20 мурожаатлар). Бу хатларимиз қандайдир тўсиқларга учраётгандек, гўё. Чунки, биз Президентимизга ишонамиз! Улар бизни бу қийин аҳволда қолдирмаган бўлардилар. Сиздан илтимос қиламиз, ўзбек миллий киносини жар ёқасига келиб қолгани ҳақида Президентимизни огоҳ этишда бизга ёрдам берсангиз. Сизга чексиз ҳурмат билан бир гуруҳ киноижодкорлар”. Ушбу мурожаатга имзо чекканлар: 1. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва тизимидаги 7 нафар аёл ходими – (қўшимча тазйиқлар бўлмаслиги учун исм-шарифларини ошкор этилишини лозим топмадик) 2. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Дўстлик” ордени соҳиби кинорежиссёр – Жаҳонгир Қосимов ( “Ибрат” тарихий филми 2020 й.) 3.“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, кинорежиссёр – Aбдухалил Мингноров ( “Термизий” тарихий филми 2019 й.) 4. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, кинорежиссёр – Жаҳонгир Aҳмедов (“Илҳақ” тарихий филми 2020 й.) 5. “Шуҳрат” медали соҳиби, “Эҳтиром” ,“Олтин Ҳумо” миллий мукофоти совриндори,“КИНОШОК-2019 й.” халқаро кинофестивали “Гран-при” ғолиби – Умид Ҳамдамов ( “Иссиқ нон” филми 2019 й.) 6. “Шуҳрат” медали соҳиби, “Эҳтиром”,“Тасанно” миллий мукофотлари совриндори, Россиятелевидение академиясининг “ТЕФИ СОДРУЖЕСТВО-2019” халқаро кинофестивали ғолиби, “Сляванская сказка” халқаро кинофестивали “Гран-при”, “Энг яхши режиссёрлик иши” ғолиби (София, Болгария 2019) – Музаффархон Эркинов (“Aвлоний” тарихий филми 2019 й.) 7. “Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси” аъзоси, бир неча халқаро кинофестиваллар Совриндори, кинорежиссёр – Сарвар Каримов (“Сарвқомат дилбарим” филми 2018 й.) 8. “Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси” раиси ўринбосари, киноссенарист,кинорежиссёр – Жўрабек Рўзметов(“Исломхўжа”тарихий филми 2018 й.) 9. “Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси” аъзоси, бастакор, кинопродюсер – Дониёр Aгзамов (“Барон-2” филми 2020 й.) 10. “Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси” аъзоси, кинопродюсер – Зафар Юлдашев (“Илҳақ” тарихий филми 2020 й.) ва бошқалар… Мурожаатга Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова ва Ўзбекистон санъат арбоби – Зулфиқор Мусоқов ҳамда 109 нафар ўзбек миллий кино санъати ижодкорларининг мурожаатлари илова қилинган. П/С: Таҳририятимизга маълум қилинишича, мурожаат жорий йилнинг 21 сентябрь куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондига топширилган.


АКТУАЛ ХАБАРЛАР