Қидирув натижалари:

Жамият

Ёшлар ташкилотига ёш раҳбар бўлгани яхши, аммо фикрлаши каттароқ бўлсин

04:35, 07.09.2020 188

...

“Ҳуррият” газетасининг 2020-йил 3-сентабр 30-сонида чоп этилган Абдулазиз Аҳмедовнинг “Алишер Саъдуллаев: “Биз ҳали 50 тезликда юрибмиз” интервюсини ўқиётиб, беихтиёр сўз юки ҳақида ўйга толади киши. Сўз турли ҳарфлар жамланмасидан ҳосил бўлувчи бирикма. Аммо бу кўринганидек оддий эмас. Шундай сўзлар борки, улар тилга олинганда бутун курраи-заминни титроқ босар экан. Бир уюм ҳарфлардан кўра битта сўзнинг афзаллиги шундаки, унинг маъноси, унинг юки бор.

    Бу суҳбатни бир замонлар халққа зиё улашувчи вазирликда вазир ўринбосари бўлиб фаолият юритган, бугун бутун бошли агентликнинг директори бўлган шахс ва журналист ўртасидаги интервюга эмас, балки кўпроқ мактаб ўқувчиларининг ўзаро мулоқотига ўхшатиш мумкин.

Интервюда журналист таъкидлагандек, мураккаблик нега керак? “Баландпарвоз гапларни бугун замон кўтармайди”, дейишингиз ҳам мумкин. Албатта, бу фикрингиз ўринли. Аслида ҳам тил келишмайдиган иборалар – “Мамлакатимиз истиқлолга эришгач…”, “Ислоҳотларнинг самараси ўлароқ…”, “Муҳокама этилди… қарор қилинди…”, “Мусаффо осмонимиз…”, каби шаблон (андоза) фикрларнинг тилга олиниши ёки ёзилиши кўпчиликка ёқавермайди. Фикрларда оддийлик ва самимийлик бўлгани яхши, фақат унга бачканалик аралашмагани маъқул. Таъкидлаётганимиз суҳбатдаги журналист йигит ҳали ўспириндир, тажрибаси камдир, лекин у журналист. Жиддий савол беряпти, жавоблар ҳам шунга муносиб бўлиши керак ҳар ҳолда. Мисол учун: “Абдулазиз Аҳмедов: Яширишга ҳожат йўқ, юртимиз ёшларининг кўпи хорижга чиқиб яшаш, ишлаш орзусида. Бу қанчалик тўғри? Ёш, салоҳиятли кадрларни ўзимизда олиб қолиш учун лойиҳалар ишлаб чиқиш вақти етмадимикан? Алишер Саъдуллеев: Нимага уларни хорижга чиқармаслигимиз керак? Чиқариш керак! Масалан, сиз – салоҳиятли кадрсиз, Гарвард университети журналистика боʻйича олти ойлик курс таклиф қиляпти. Ўқиб келмайсизми? Абдулазиз Аҳмедов: Мен ўқишга кетаётган юзлаб, боринг минглаб ёшларни эмас, юз минглаб иш излаб чиқиб кетаётган ёшларни ҳам назарда тутмоқдаман… Алишер Саъдуллаев: Ҳа, энди бу энг оғриқли масала. Олдин меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилишга Ёшлар иттифоқининг кучи етмас эди. Энди эса кучимиз ҳам, имконимиз ҳам ошди. Негаки, давлат органи бўлдик. Агар энди ҳам чет элга иш излаб кетиб, хору сарсон, қулликка тушиб ёки ўлиги қайтаётган ёшларнинг ҳуқуқлари муҳофаза қилинмаса, муаммолари ҳал этилмаса, бу Ёшлар ишлари агентлигининг катта хатоси бўлади.” Журналистнинг мураккаб бўлмаган “ёшларининг кўпи хорижга чиқиб яшаш, ишлаш орзусида” эканлиги борасидаги саволига агентлик директори тушунмаяпти ёки ўзини атай гоʻлликка солиб жавоб бермоқда. Савол иккинчи қайта берилганда эса, жавоб жуда қониқарсиз бўлмоқда. Очиғи бундай жавобни ҳар ким ҳам бериши мумкин. Мисол учун кўчадаги пистачи холага шу ҳақда гап очиб кўринг, у ҳам тахминан, “ҳа, бу масала жуда оғир, ёшлар билан ишлайдиган ташкилот энди бу масалага жиддий қарамаса, уят бўлади-да”, деб жавоб бериши мумкин. Шу ўринда берилган саволнинг нақадар жиддийлиги борасида тўхталиш учун статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак,1991-йилдан бошлаб, 2016-йилгача мамлакатни 6 миллион киши тарк этган. 2019-йилнинг олти ойида эса Ўзбекистондан 6,2 миллион киши чет элга кетган. Аҳамиятли жиҳати шундаки, 2016-йилгача булар орасида доимий яшаш учун чиқиб кетганлар сонидан жорий давргача доимий яшаш мақсадида чет элга чиқиб кетганлар сони коʻпчиликни ташкил қилар экан. Таъкидлаш жоизки, уларнинг орасидаги ёшларнинг ҳам сони анчагина. Агентлик бўлмасидан олдин ҳам сиз ишлаган ташкилот давлат таъминотида эди, ҳар йили миллиардлаб пулларни давлат бюджетидан олиб ёшларга бирор имконият яратиб беришга сарфланмаган бўлса, қаерга сарфланди? Тинмай “Ватан, ватан” деб бесамар ҳайқириб юрадиган ёшларгами, бирор раҳбар гапини тугатмасидан қарсак чалиб бошлайдиган ёшларгами? “Камолот”нинг кучи етмайди деб Ёшлар иттифоқи ташкил этилди, миллиардлаб маблағ ажратилди, энди Ёшлар иттифоқининг кучи етмасди Агентликнинг кучи етади дегандек гапиряпсиз. Эртага Агентликнинг ҳам кучи етмади демаслигингизга кафолат борми? Назаримда бунақа кафолат беролмайсиз. Сиз сабаб, баҳона эмас, ёшларга имконият қилиб бериш йўлларини ўйланг жаноб директор. Пулни давлат беради, дейишингиз мумкин. Тўғри, пулни давлат беради. Лекин ўша пул кимники? Буни билмасангиз маълумот ўрнида билиб қўйинг. Давлат бюджетининг сал кам саксон фоизини солиқ тўловчилардан яъни халқдан йиғилган маблағлар ташкил этади. Энди давлатнинг пули халқнинг пули эканини билдингиз. Биз ҳам халқнинг бир вакили сифатида ўз пулларимизнинг нималарга сарф этилаётганини сўрашга юз фоиз ҳақлимиз. Хўп, Ёшлар ишлари агентлиги ўтган 1 ой мобайнида ҳали ҳеч ишга улгурмаган экан. Агентлик директори жилла қурса, келгуси режалар ҳақида тўхталиб ўтса бўлар эди. Яна журналистнинг бир саволига жаноб директор бир жавоб берганки, одамнинг беихтиёр кулгиси қистайди. “Абдулазиз Аҳмедов: Бугун юртимиз ёшларининг неча фоизи сизни “танийди”, тўғрироғи, улар сиз раҳбарлик қилаётган Агентлик билан қай даражада боғланган? Алишер Саъдуллаев: Биласизми, Агентлик сифатида фаолият бошлаганимизга ҳали ҳеч қанча вақт ўтмасдан, бизга 6 мингга яқин мурожаат келиб тушди. Энг асосийлари, кредит ва уй масаласида. Улар тегишли тартибда ўрганиляпти. Мана шу рақамлардан ҳам ўзинггиз хулоса қилишингиз мумкин.” Ёшлар ташкилоти директорига айтган бўлар эдикки, сиз раҳбарлик қилаётган янги агентликдан олдинги иттифоққа ҳам ундан олдинги “Камолот”га ҳам жуда кўп ёшлар уй-масаласида мурожаат қиларди. Демак уч йил олдин Президент катта ниятлар билан ташкил этган Ёшлар иттифоқи ҳам ёшларнинг қалбига тўлиқ кириб бора олмабди-да. Негаки, ёшлар ёшларнинг бош ташкилотини уй масаласини ҳал қилишдан бошқа вазифа бажармайди деб ўйлайди, шу сабаб бошқа масалаларда мурожаат ҳам қилмайди, тинчгина устачилигини қилади ёки бирор хорижий давлатга ишлашга кетиш тараддудини кўради. Журналистнинг “Халқ таълими вазири ўринбосари бўлганингизда, чет тилини билардингиз… Хорижга кетиб, дунё кезишингиз, бизнесингизни ривожлантиришингиз мумкин эди…” деган саволига А. Саъдуллаев “Агар ўшанда вазир ўринбосари бўлмаганимда, чиқиб кетардим ҳам”- деб жавоб бермоқда. Кечирасиз-у, моддий манфаат ёки берилган амал учун бугун Ўзбекистонда бўлсангиз, эртага чет элдан бундан яхшироқ таклиф бўлиб қолса, унда нима қиласиз? Ёшлар ишлари агентлиги директори бўлган одам ёшларга шундай ибрат кўрсатадими? Демак ҳамма ёшлар чет тилларини ўрганиб чет элга кетгани маъқулми? Унда Ўзбекистонда ким қолади? У ердаги шароитни кўргандан сўнг, кимнинг қайтгиси келади? Тайёрига айёр бўлиб яшаш ҳаммага ҳам ёқади. Нега бошига мусибат тушганда японлар чет элга қочиб кетишмади? Аксинча чўнтагидаги охирги чақасигача чиқариб фарзандининг таълим олиши учун сарфлашди. Мана бугунги Япониянинг қай даражада тараққий этганини кўриб турибсиз. БМТ мутахассисларининг тадқиқотларига кўра, Япониялик болалар жаҳон миқёсида ҳисоб-китоб ва саводхонлик борасида бошқа давлатларнинг фарзандларига нисбатан анча кучли экан. Чет элда яшасам ҳам Ватанимни яхши кўраман дейишингиз мумкин. Бунга эътироз йўқ, аммо қайси давлат чет элдан туриб бунёд этилганини кўргансиз!? Эътиборимизни тортган интервюдаги яна бир жиҳат босма матбуот ҳақидаги А. Саъдуллаевнинг фикрлари бўлди. Халқимизда “ўнта бўлса ўрни бошқа”, деган нақл бор. Бунинг маъноси шуки, бирининг ўрнини бошқаси боса олмайди. “…кўзга кўринарли муаммони кўтариб чиқмади, тилга тушмади”, деб, бир асрлик газетадан воз кечиш қўпол қилиб айтганда калтабинлик эмасми? Ахир “бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқиб”, бўлмайди. Унинг ўрнига муассис сифатида муаммодан чиқиш йўлини қидириш, лозим бўлса, таҳририят жамоасини ўзгартириш керак эди. Газета ва журналларни ўқишга бўлган эҳтиёж бир мунча сустлашгани бор гап. Аммо бу матбуотни бутунлай йўқотиш керак дегани эмас. Газетани нима учун ўқиймиз? Телеграмдаги янгиликдан газета-журнал ҳароратини топа олмаганимиз каби, ҳар не бўлганда ҳам электрон манбалардан газетадан олганчалик қониқиш топа олмаймиз. Боиси, босма нашрлар ишончли, холис ва энг муҳими керакли манбани исталганча сақлаши мумкин. Киши ўйга толади, савиясиз фикрлар, хатоларга ғиж-ғиж матнлар, саёз интервюлар қаердан пайдо бўлмоқда? Матбуот тилининг кўз ўнгимизда кундан-кунга қашшоқлашиб боришига нима сабаб бўлмоқда? Муаммонинг асл илдизи ҳам шундаки, ёшлар ҳар хил телеграмм каналлар, гуруҳлардан ортиб газета, журнал ва китобни ўқимай қўйди. Сўнгги сўз ўрнида, бир фикр келади одамга, ёшлар ташкилоти бўлгани яхши, унга ёш кадр раҳбар бўлгани ҳам яхши, аммо ўша раҳбарнинг фикрлаши ҳам ёшгина бўлмагани яхши экан. Фурқат Алимардон, Korrespondent.uz


АКТУАЛ ХАБАРЛАР