Қидирув натижалари:

Жамият

2021 йил муждаси: Президент мурожаатномаси, таҳлил, талқин ва мулоҳаза

21:16, 13.01.2021 126

...

Президент нутқи давлат, жамият ва халқ ҳаётида энг муҳим нутқдир. Унинг мазмуни ва моҳиятини тушуниш тафаккуримизда, балки кундалик турмушимиздаги кўп ўзгаришларни юзага келтиради, келажакка ишонч билан қарашга ундайди, асосийси, бир ватандош ўлароқ юртингда амалга ошажак ишлар билан чуқур танишасан.

Янги йил арафасида Шавкат Мирзиёевнинг Олий мажлис аъзолари, халқ вакиллари ва умуман, Ўзбекистон, балки халқаро майдонга қарата йўллаган мурожаатини диққат билан тинглаган эдим. Мурожаат матни эълон қилингач, уни ҳар томонлама жиддий ўргандим, хулосалар қилдим, таҳлил ўтказдим.

Президент мурожаатидан таассурот эмас, аниқ мақсад олинади. Бу нутқ ҳис-ҳаяжондан аввал ҳар бир ватандош учун жиддий масъулият  юклайдиган даъватдир, аслида. Шундай англаш ва қабул қилиш шарт.

Биргина мақолада Президентнинг кенг қамровли нутқини таҳлил қилиш беҳад мураккаб иш, лекин асосий нуқталарини тилга олиш, умумлаштириб фикрларни баён қилиш мумкин, ҳарқалай. Мурожаатнома умумий икки қисмдан иборат: 2020 йил сарҳисоби ва 2021 йил режалари.

Президент, дастлаб, ўтган бир йилни таҳлил қилди: пандемия, оғир шароит, халқимизни бирдамлиги, амалга оширилган ишларни таъкидлаб ўтди. Кўзга кўринадиган йирик лойиҳаларни алоҳида қайд қилди. Давлат бюджетидан сарфланган харажатларни, суммаларни келтирди. Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги мақомлари ҳақида қисқача сўз юритди. Сўнг Шавкат мирзиёев асосий қисмга ўтди – 2021 йилдаги режалар билан таништирди. Бу шунчаки режа эмас, мамлакатнинг бир йил давомида босиб кутилаётган, таъбир жоиз бўлса, давлат раҳбари белгилаб бераётган вазифалар йўналишидир. У умумий тўққиз қисмни ўз ичига қамраб олди:

Биринчи қисм таълим, болалар, ёшлар масаласига бағишланди.

Иккинчи қисм тиббиёт муаммолари ва уларнинг амалий ечимлари ҳақида бўлди.

Учинчи қисм мамлакатда камбағилликка қарши курашиш, уни қисқартиш ва иқтисодий салоҳиятни ривожлантириш билан боғлиқ.

Тўртинчи қисм давлат бошқарувини ислоҳ этиш муаммосига қаратилди.

Бешинчи қисм Ўзбекистондаги судлар, уларнинг фаолиятини адолатли ва шаффоф ташкиллаштириш масалаларини ёритди.

Олтинчи қисм мудофаа ва хавфсизлик масалалари тўғрисида бўлиб, бу борадаги устувор вазифаларга мухтасар шаклда диққат қаратилди.

Еттинчи қисм Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги позициясини акс эттирди.

Саккизинчи қисмда 2021 йилда кутилаётган ўта муҳим сиёсий воқеалар, шунингдек, эҳтимолий халқаро ҳолатлардан баҳс юритилди.

Тўққизинчи қисм якуний руҳда бўлиб, хусусан, ушбу мурожаатномада қўйилган масалалар, уларнинг ечимлари ҳақида жамоатчилик фикрини инобатга олиш ҳақида сўз борди.

Мазкур тасниф бизнинг ўта шартли талқинимиз бўлиб, унга чуқурроқ ёндашиш учун мурожаатноманинг баъзи қисмларининг ичига яқиндан ёндашамиз.

 

Боғчада нима гап? Мактаблардаги муаммоларни қандай ҳал қилиш керак?

(1-қисм)

 

Мурожаатнинг бу қисмига сарлавҳа топиш қийин кечди. Чунки кўтарилаётган масалани биргина сўз билан ифодалаш мумкин бўлса, кошки.

Президент нутқининг бу қисмида дастлаб асосий уч вазифа марказга қўйилди: 1) ёш авлодга боғча, мактаб, олийгоҳда мукаммал таълим ва тарбия бериш; 2) ёшларнинг замон билан тенг, балки олдинроқ юришларига эришиш; 3) мамлакатнинг навқирон фарзандларини иш, уй-жой билан таъминлаш, яъник катта ҳаётда муносиб яшаши учун амалий кўмаклашиш.

Бу вазифалар 2021 йилнинг долзарб йўналиши эканлиги таъкидланди ва шу асосда йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” деб ном берилди. Мақсадни амалга ошириш учун олти банддан иборат аниқ ва мантиқли ишлар режаси эълон қилинди. Хусусан, унга кўра:

биринчидан:

· йил якунигача Республика болаларининг боғчада таълим олиши 65 фоизга, 2023 йил охирида 75 фоизга етади;

· бу масалада бюджетдан 600 миллард сўм субсидия берилади;

· бу субсидия 2000 та нодавлат боғча ташкил этишга йўналтирилади;

· 2021 йил 6 ёшгача бўлган 560 минг бола мактабга бепул тайёрланади.

 

Иккинчидан:

· 30 та янги мактаб қурилади; 320 та мактаб таъмирланади; бунинг учун бюджетдан 2 триллион сўм ажратилади;

· ягона электрон таълим тизими жорий этилади, бунинг учун келгуси 2 йилда 250 миллиард сўм сарфланади;

· олис туманга бориб дарс берган ўқитувчига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишлаган муаллимга 100 фоиз устама ҳақ тўланади;

· 10 та Президент мактаби очилади;

· кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 мактаб ўз фаолиятини бошлайди;

· халқ таълими ходимларини рағбатлантириш учун 330 миллиард сўм йўналтирилади;

· синф раҳбарлари учун устама тўлов 1,5 фоизга оширилади ва бунинг учун бюджетдан 400 миллиард сўм қўшимча ажратилади.

 

Учинчидан:

· олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари 25 фоизга кўпаяди;

· эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари учун грантлар 2 баробар ошади ва улар сони 2 мингтага етади;

· хусусий олийгоҳларга зарур мутахассислар тайёрлаш учун давлат буюртмаси бериш тизими йўлга қўйилади;

· “Эл-юрт умиди” жамғармаси хорижий етакчи олийгоҳларга 5 баробар кўп ёшларни магистратурага, докторантурага юборади, 100 нафар ёшни бакалаврда таълим олиш учун четга элга жўнатади;

· 30 та етакчи олийгоҳга уч масалада: 1) ўқув дастурлани ишлаб чиқишда; 2) қабул квотасини белгилашда; 3) молиявий масалаларни ҳал  қилишда мустақиллик ҳуқуқи берилади.

 

Тўртинчидан:

· олийгоҳ ва илмий ташкилотларда докторантлар сони 4,5 тага етади, бунинг учун бюджетдан 240 миллиард сўм ажратилади;

· геология фанлар университети ташкил этилади;

· фазика фани фани бўйича Аҳмад Фарғоний номидаги халқаро олимпиадаси ўтказила бошлайди.

 

Бешинчидан:

· иш касблари бўйича фуқароларнинг малака даражасини тасдиқлаш тизими жорий этилади;

· ёшлар тадбиркорлиги ва бандлиги учун 100 миллион доллар ажратилади;

· ёшларнинг бизнес лойиҳаларини кредитлаш ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш учун 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар берилади.

 

Олтинчидан:

· 2021 йил биринчи марта 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлаш учун 50 миллиард сўм ажратилади;

· Болаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилади ва бюжетдан унга 100 миллиард сўм берилади

· Олий Мажлисда Болалар Омбудсмани ҳақида қонун лойиҳаси кўриб чиқиш таклиф қилинди.

 

Республика тиббиётини ислоҳ қилиш масалалари ва амалий ечимлар

(2-қисм)

 

Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳаси ҳақида махсус тўхталди ва 2021 йил бу соҳани ислоҳ этиш, ривожлантириш, аҳолига мукаммал тиббий хизмат кўрсатиш ҳақида режаларни маълум қилди.

 

Биринчидан:

· коронвирусга қарши кураш учун 3 триллион сўм захира маблағ шакллантирилган; бу аҳолини короновирусга қарши эмлаш учун сарфланади;

· санитария-эпидемилогия соҳасини яхшилаш, замонавий лабораториялар ташкил этиш учун 200 миллион доллар йўналтирилади.

 

Иккинчидан:

2021 йилда 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларнинг 11 миллион нафари паразитларга, турли касалликларга қарши эмланади, 2022 йилда эса кўрсаткич 17 миллионга етади ва бу ишлар учун 100 миллиард сўм берилади;

аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан аҳоли бепул таъминланиб, камқонлик 25 фоизга камайтирилади.

 

Учинчидан:

· бирламчи тиббиёт бўғинида умумий амалиёт шифокори ўрнига “тиббий бригадалар” ташкил қилинади, унинг таркиби оилавий шифокор ва 5 нафар ўрта тиббиёт ходимидан иборат бўлади;

· қон-томир, онкологик, эндокрин касалликларга мойиллиги бор фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилади;

· давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалар рўйхати қайта тузилади ва аҳолини кафолатли таъминлаш босқичма-босқич йўлга қўйилади;

· 3 йилда 315 та оилавий шифокор пункти ва 85 та оилавий поликлника ишга тушади;

· “қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ҳудудларда иш бошлайдиган 1000 дан ортиқ шифокорларга  30 миллион сўмдан ёрдам пули берилади;

· 47 та Ибн Сино техникумларидан 20 мингдан ортиқ ёшлар тиббиётнинг бир неча соҳасида касб эгаси бўлиб чиқади;

· ўрта бўғин тиббиёт ходимларига “ҳамширалик иши” билан мустақил шуғлланишга рухсат берилади

 

тўртинчидан:

· онко-гематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагностика ва тиббий амалиётлар учун бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилади;

· ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган 5 мингдан ортиқ бемор эса илк бор бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олинади ва шу мақсадлар учун бюджетдан 140 миллиард сўм йўналтирилади;

· бюджетдан 150 миллиард сўм ажратилиб, эндокрин касалликларни аниқлаш ва даволаш мақсадида ҳудудий шифохоналарда махсус бўлимлар ташкил этилади;

· ўткир қон-томир касалликлари бўйича 35 та туманлараро марказ ташкил этилади.

 

Бешинчидан:

· 70 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси, 16 мингта боғча ва мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлашга 100 миллиард сўм ажратилади;

· барча туман марказлари ва шаҳарларда махсус пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади.

 

Аҳолининг жисмоний саломатлиги билан бир қаторда унинг руҳий-маънавий мувозанатини сақлашга қаратилган маданий-маърифий йўналишда кутилаётган амалий ишлар олтинчи бандда акс этган:

 

· 22 та театр ва маданият объекти қурилади ва реконструкция қилиш учун бюджетдан 420 миллиард сўм йўналтирилади;

· Тошкент шаҳрининг марказида маданият ва маърифат мажмуасини барпо этиш бўйича амалий ишлар бошланади. Унда: 1) Миллий академик драма театри; 2) машҳур япон архитектори Тадао Андо лойиҳаси асосида янги санъат музейи; 3) замонавий кутубхона; 4) Алишер Навоий номидаги халқаро ижод мактаби ўрин олади; 

· Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаб пойтахтимиз марказида “Истиқлол” мажмуаси қад ростлайди.

· Илгари кўп йиллар давомида ўтказиб келинган Тошкент халқаро кинофестивали “Ипак йўли дурдонаси” – Тошкент халқаро кинофестивали номи билан қайта ташкил этилади.

 

Камбағалликка қарши кураш ва иқтисодий ўсиш муммолари

(3-қисм)

Шавкат Мирзиёев иқтисодий ислоҳотларнинг мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигин ошириш эканлигини қатъий таъкидлади. Бу йўлда 2020 йилда қилинган янгиликларнинг моҳиятини шарҳлади ва 2021 йилда амалга оширилажак бир неча муҳим ишларни санади.

 

Биринчидан:

· келгуси йилдан “Ижтимоий реестр”тўлиқ ишга тушади ва унда “темир дафтар”даги барча маълумотлар қамраб олинади, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади;

· келгуси йил 1 мартдан бошлаб аҳолининг минимал истеъмол харажатлари миқдори эълон қилинади;

· ҳукумат икки ой муддатда ижтимоий кафолатларни бир тизимга келтириб, уларни минимал меъёрлар даражасида босқичма-босқич таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқади;

· “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилади;

· маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилади; бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилади, бу бюджетдан 100 миллиард сўм ажратиаш ҳисобига амалга оширилади;

· ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга асбоб-ускуна харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади;

· ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1  гектаргача ер майдонлари ажратилади;

· эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади;

· вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар оширилади ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади.

 

Иккинчидан:

· 2021 йилда стратегик аҳамиятга эга бўлган 32 та йирик корхона ва тармоқни трансформация қилиш ишлари амалга оширилади; 

· банклар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш эътибор марказида туради;

· 2021 йилда қуйидаги банклар хусусийлаштиришга тайёрланади:

1)“Саноатқурилишбанк”;

2) “Асака банк”;

3) “Ипотека банк”;

4) “Алоқа банк”;

5)“Турон банк”;

6) “Қишлоқ қурилиш банк”.

· камида битта йирик банкдаги давлат улуши стратегик инвесторларга тўлиқ сотилади; 

· давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш учун келгуси йилда қуйидаги тармоқлардаги 83 та йирик корхонадаги давлат улуши сотувга қўйилади:

1) “Фарғона азот” заводи;

2) “Деҳқонобод калий” заводи;

3) “Кока-кола ичимлиги” корхонаси;

3) “Билдирсой” ва “Чорвоқ” оромгоҳлари;

4) “Ичан қалъа” ва “Ҳайат Реженси” меҳмонхоналари;

5) “Пойтахт” бизнес мажмуаси;

6) Алкоголь, Ёғ-мой тармоқлари.

· давлат улуши бўлган корхоналар сони, келгуси икки йилда камида 3 баробар қисқартирилади.

 

Учинчидан:

· 2021 йилда давлат ва хусусий электр станциялари ҳамда истеъмолчилар ўртасида электр энергияси улгуржи бозорини шакллантириш бошланади;

· табиий газ таъминотида монополияни бекор қилиб, бозор механизмларини жорий этамиз;

· бунда ишлаб чиқарувчи ва импортёрларга биржа орқали табиий газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади ва “Ўзтрансгаз” компанияси эса фақат газни транспортировка қилади;

· суюлтирилган газ бозорида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида унинг импортига ўрнатилган божлар бекор қилинади;

· заргарлик соҳасида ҳам тадбиркорларга хомашё сотиб олиш учун кенг имкониятлар яратилади. Бунда келгуси йил 1 мартдан бошлаб, кумушни биржа орқали ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартиби ўрнатилади;

· автомобиль саноатида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва корхоналарга тенг шароитлар яратиш орқали соҳада ишлаб чиқарувчилар сони кўпайтирилади.

· 2021 йилдан бошлаб озиқ-овқат, нефть ва электротехника каби тармоқларда 73 та акциз солиғи бекор қилинади.

· келгуси йилда 24 та йирик давлат корхонасига давлат хариди бўйича очиқ-ошкора талаблар жорий этилади;

· маҳаллий тадбиркорларимиз ҳар йили камида 10 триллион сўмлик маҳсулотларини ушбу корхоналарга сотиш имкониятига эга бўлади;

· барча давлат харидлари жамоатчилик ва Парламент назоратида бўлади.

 

тўртинчидан:

· ҳукумат келгуси йил 1 апрелгача истиқболли саноат кластерлари рўйхатини аниқлайди, уларни жадал ривожлантириш учун алоҳида дастур ишлаб чиқади;

· 2021 йилда 50 та кон ва истиқболли майдонлар маҳаллий ва чет эллик инвесторларга очиқ механизмлар асосида сотилади;

· келгуси йилда 23 миллиард доллар қийматидаги инвестицияларни ўзлаштириш зарур, натижада 226 та йирик саноат ва инфратузилма объектлари ишга туширилади;

· қуйидаги янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга тушади:

1) Навоий кон-металлургия комбинатида 2 та йирик металлургия заводи;

2) Олмалиқ кон-металлургия комбинатида техноген рудани қайта ишлаш заводи;

3) Республикамиз бўйича тўқимачилик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва фармацевтика тармоқларида юзлаб корхоналар;

4)  Тошкентдаги “Яшнобод” технопаркида яна 11 та замонавий электротехника корхонаси ишга туширилади, у ердаги жами корхоналар сони 17 тага ва ишловчилар сони 11 мингтага етказилади;

5) Тошкент, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида жами қуввати 760 мегаватт бўлган янги электр станциялари ишга туширилади;

6) Қашқадарё вилоятида қиймати 3 миллиард 600 миллион доллар бўлган, йилига 1,5 миллион тонна керосин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарадиган мажмуа тўлиқ маҳсулот беришни бошлайди

 

бешинчидан:

· инфляциявий таргетлаш доирасида нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик Марказий банк ва Ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлади;

· асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида импорт соҳасидаги бож тўловлари бўйича берилган имтиёзлар яна бир йилга узайтирилади;

· сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бу борада кафолатланган захирани яратиш ва уларни бозорга узлуксиз етказиб бериш ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ишлари Президентнинг доимий назоратида бўлади;

· 2021 йилда иқтисодиётни камида 5 фоизга ўсиши; бюджет дефицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоиздан ошмаслигини таъминланиши зарур;

· келгуси 2 йилда эса бюджет дефицитини 2 фоиздан оширмаслик бўйича Ҳукумат зарур чора-тадбирларни белгилайди

· иқтисодиётимизнинг хорижий валютага боғлиқлик даражасини босқичма-босқич камайтирилади: келгуси йилда валюта кредитлари улушини ҳозирги 50 фоиздан 45 фоизга, яъни, камида 2 миллиард долларга пасайтириш лозим;

· миллий валютада чиқариладиган халқаро облигациялар улушини ҳозирги 25 фоиздан камида 40 фоизга ошириш зарур;

· банклараро валюта бозори “онлайн” платформага ўтказилади ва тадбиркорларга валютани бевосита банкнинг ўзидан сотиб олиш учун имконият яратилади: тадбиркорлар валютани ҳозиргидек 4 кунда эмас, ярим соатда сотиб олиши мумкин бўлади;

· ташқи қарз ҳисобидан ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳалар бундан буён маҳаллий кенгашлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади – уларнинг натижалари тўғрисида жамоатчиликка ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади;

· давлат номидан ташқи қарз олиш камайтирилиб, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларига кўпроқ хусусий капитал жалб этилади;

· давлат-хусусий шериклик асосида 40 дан ортиқ йирик ва ўрта лойиҳаларни амалга ошириш бошланади;

· Марказий банк молия бозорида рақобатни ошириш мақсадида 1 февралга қадар банк бўлмаган кредит ташкилотлари тўғрисида қонун лойиҳасини киритади;

· Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари экспертлари жалб этилади.

 

Олтинчидан: 

· “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар учун уларнинг бизнес ҳамкорининг солиқ қарздорлиги ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади;

· 105 та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилинади, 115 таси бўйича эса тартиб-қоидалар соддалаштирилади;

· туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларига берилган имтиёзлар келгуси йил якунигача узайтирилади; 

· 20 мингта тадбиркорнинг 400 миллиард сўмлик ер ва мол-мулк солиғини тўлаш муддатини яна бир йилга узайтирилади;

· 1 миллиард сўмгача давлат харидлари доирасида аванс миқдори 30 фоизга етказилади;

· оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида келгуси йилда 6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилади;

· ҳукумат томонидан Жаҳон банки билан биргаликда бошланган қишлоқларда тадбиркорликни ривожлантириш дастурини кенгайтириш учун қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади;

· тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сони қисқартирилади;

· Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилади.

· тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказишга эълон қилинган мораторий яна бир йилга узайтирилади.

 

Еттинчидан:

· қишлоқ хўжалигига энг илғор технологиялар, сувни тежайдиган ва биотехнологияларни, уруғчилик, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этиш ҳаракатлари бошланади;

· ҳукумат икки ой муддатда ердан фойдаланиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш механизмларини жорий қилиш бўйича таклиф киритади;

· барча вилоятларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари ташкил этилиади, уларда “ягона дарча” тамойили асосида 100 дан ортиқ агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади;

· қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш, ернинг унумдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этишга илк бор 600 миллион доллардан зиёд кредит ва грант маблағлари жалб қилинади.

· Сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонлари 5 баробарга кўпайтирилиб, 430 минг гектарга етказилади;

· 90 минг гектар янги ерлар ўзлаштирилади.

 

Саккизинчидан:

· 3 триллион сўмлик маблағга эга бўладиган ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасини тузилади;

· 84 та туман ва шаҳарда саноат салоҳиятини янада ошириш учун 100 та технопарк, кичик саноат зоналари, ҳудудий кластер ва логистика марказлари ташкил этилади;

· эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини зарур инфратузилмалар билан таъминлаш учун 1,6  триллион сўм йўналтирилади;

· ҳукумат ҳудудларда 130 минг километр узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ва 40 мингдан ортиқ трансформаторни босқичма-босқич янгилаш дастурини 2021 йил 1 апрелга қадар тасдиқлайди;

· 5 мингдан ортиқ таъмирталаб кўприкни тиклаш бўйича дастур қабул қилинади. Бу ишларга 2021 йилда 400 миллиард сўм маблағ йўналтирилади;

· ҳукумат бир ой муддатда 2021 йил учун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини ишлаб чиқиб, тасдиқлайди;

· ҳукуматга кейинги йил 1 мартдан бошлаб ички туризм йўналишларидаги авиақатновларни йўлга қўйиш ва авиачипта нархининг бир қисмини бюджетдан қоплаб бериш тизимини жорий этиш вазифаси юкланади;

· бир қатор ҳудудий аэропортлар давлат-хусусий шериклик асосида ташқи бошқарувга берилади;

· 2 та тезюрар поезд ҳаракати йўлга қўйилади, Буxоро – Урганч – Xива темир йўлини электрлаштириш бошланади;

· Тошкент шаҳрида ер усти метросининг 12 километрлик иккинчи босқичи фойдаланишга топширилади. Шу тариқа ер ости ва ер усти метро линиялари яхлит тизим сифатида бир-бирига уланади;

· туризм объектлари атрофидаги ер майдонлари, сув ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш учун бюджетдан 1 триллион сўм ажратилади.

 

Тўққизинчидан:

· ногиронликни белгилашнинг жаҳон андозаларига мос “ижтимоий модели”га босқичма-босқич ўтилади;

· муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича қарийб 50 минг нафар юртдошимиз фойдаланиши мумкин бўлган янги тизим жорий этилади;

· 27 мингта ёки 2020 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп оиланинг ипотека кредити бўйича дастлабки бадалларини тўлаш ва кредит фоизларини субсидиялаш учун 2,4 триллион сўм йўналтирилади.

 

Ўнинчидан:

· Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласи ҳамда Европа Иттифоқи билан кенг қамровли ҳамкорлик бўйича ишларни фаоллаштирилади;

· “GSP+” тизими доирасидаги имтиёзларни мамлакатимизда самарали қўллаш учун алоҳида дастур ишлаб чиқилади;

· Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъёрларини уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишлар жадаллаштирилади;

· корхоналарга хомашё сотиб олиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади;

· экспорт қилувчиларга чет элда савдо уйлари ва дўконлар очиш ҳамда реклама харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

· ҳукуматга товар ва хизматлар экспортини камида 20 фоизга ошириш вазифаси топширилади.

 

Давлат бошқарувини оптималлаштириш ва сўз эркинлиги масалалари

(4-қисм)

 

Шавкат Мирзиёев нутқининг бу қисмида давлат бошқаруви идоралари фаолиятини тубдан яхшилаш ва сўз эркинлиги ҳимояси масаласида муҳим вазифаларни ўртага қўйди.

 

Биринчидан:

· ҳукумат икки ой муддатда бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди ва бунда давлат бошқаруви ходимлари сонини ўртача 15 фоизгача оптималлаштиришни назарда тутилади;

· йил охирига қадар электрон давлат хизматлари 60 тага кўпайтирилади.

 

Иккинчидан Шавкат Мирзиёев қуйидаги таклифларни илгари сурди:

· Депутат ва сенаторларни ўзлари сайланган ҳудуддаги муаммолар, тегишли вазирлик ва ҳокимликлар томонидан қай даражада ҳал этилаётганини доимий ўрганиб, назорат қилиб борсин;

· туман, шаҳар ва маҳалла бошқарувида самарадорликни ошириш учун ходимлар сони ва маошини ҳудуднинг ўзига хослиги ва иш ҳажмидан келиб чиқиб белгилаш лозим;

· ҳукумат икки ой муддатда ўрта ва қуйи бўғин бошқарув идораларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, улардаги ходимлар сони ва меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича қарор лойиҳасини киритади.

 

Учинчидан:

Қонунчилик палатаси ва Сенат, Вазирлар Маҳкамаси билан бирга 2021 йил 1 апрелга қадар маҳаллий ижро ва вакиллик органлари ҳамда маҳалла институти фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқади.

 

Тўртинчидан: 

· Молия вазирлиги уч ой муддатда давлат идоралари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни эълон қилиш амалиётини йўлга қўяди;

· маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларини ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизими жорий этилади;

· Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бир ой муддатда очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклиф киритади;

· кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизими жорий этилади;

· коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ва билимини баҳолаб бориш тизими йўлга қўйилади.

 

Бешинчидан:

· Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимларининг асосий вазифаси қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилишади;

· қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назорати кенг йўлга қўйилади;

· “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизими жорий қилинади;

· таҳлиллар асосида ижрога халақит бераётган ортиқча вазифа ва функциялар қисқартирилади;

· Давлат идораларидаги ижро сифати ва ҳолатини вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларида, республика даражасида эса – Вазирлар Маҳкамасида ҳар ойда танқидий муҳокама қилиб бориш амалиёти жорий этилади;

· Ҳукумат Адлия вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Давлат бошқаруви академияси билан бирга бир ой муддатда ушбу тизимни жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилайди;

· Адлия вазирлиги барча оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидение орқали “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда”, деган мавзуда кўрсатув ва чиқишлар ташкил этиб, халқимизга ислоҳотлар моҳияти ва натижаларини етказиб бориш тизимини жорий этади;

 

Олтинчидан:

· Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этилади;

· хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади; 

· “Халқ банки” томонидан жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш ва кредит олишда уларга амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилади;

· Олий Мажлис палаталари ва Ҳукумат бир ой муддатда хотин-қизларнинг жамиятдаги ва давлат бошқарувидаги мавқеини янада оширишга қаратилган яхлит тизим яратиш бўйича таклиф ишлаб чиқади;

· Республика “Нуроний” жамғармасига бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади; Бухоро, Қарши ва Урганч шаҳарларида янгидан ташкил этиладиган сиҳатгоҳларда ҳамда мавжуд дам олиш масканларида жами 25 мингдан ортиқ нуронийларнинг соғлиғи тикланади.

 

Еттинчидан: 

· мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга ижтимоий буюртма асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари кенг жалб этилади ва бу ишларни ташкил этиш учун келгуси йилда бюджетдан 60 миллиард сўм йўналтирилади;

· сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилади.

 

Ўзбекистон судларининг одил фаолиятига ва фуқаролик бериш масалаларига доир

(5-қисм)

 

Президент Ўзбекистон судларининг мустақиллиги ва адолатли фаолияти хусусда алоҳида эътибор билан сўзлаб, кечиктириб бўлмайдиган қатор масалаларни кун тартибига қўйди ва аниқ вазифаларни белгилади.

Биринчидан:

· бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади;

· одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади;

· фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилади;

· суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади: ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.

 

Иккинчидан: 

· халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади;

· ҳозирда жазо ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўллади;

· жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилади.

 

Учинчидан Шавкат Мирзиёев тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Ва ушбу ҳолатлар ҳали ҳам учраб тургани, фуқароларда жиддий эътирозларни келтириб чиқараётгани ҳамда мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида куйиниб гапирди. Президент Олий Мажлис палаталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан икки ой муддатда ўз таклифларини ишлаб чиқиши, бу иллатга бутунлай барҳам бериш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаши зарурлигини айтди.

 

Тўртинчидан бундан буён юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилинади.

 

Мурожаатноманинг биз шартли белгилаган 6-қисмида Президент мудофаа ва хавфсизлик ҳақида тўхталиб, 2 ой муддатда “Фавқулоддаги ҳолат тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ҳамда қайд этилган муаммолар ечимига қаратилган Ҳукумат дастури ишлаб чиқишга топшириқ берди.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати 2021 йилда ҳам қўшни ва бошқа хорижий давлатлар билан дўстона руҳда бўлишини қатъий таъкидлаган Президент Тошкентда минтақамизнинг Жанубий Осиё билан муносабатларига доир юқори даражадаги халқаро конференция ўтказилишини маълум қилди. Шунингдек,  Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро анжумани бўлиб ўтади. Ўзбекистон Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларни асосий хорижий шерик ўлароқ кўриши, улар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайиши маълум қилинди.

Умуман, Шавкат Мирзиёев нутқининг кейинги қисмларида Ўзбекистон тақдирига бевосита алоқадор муҳим масалаларни кўтарди, ҳукуматга 2021 йил Давлат дастурини ҳамда Ўзбекистоннинг пандемиядан кейинги тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш топшириғини берди.

Хулоса

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил арафасида йўллаган мурожаатномасини батафсил ва синчиклаб ўрганиб қуйидаги хулосаларга келамиз:

Президент Ўзбекистоннинг энг муҳим муаммоларига диққат қаратган ва халқнинг моддий фаровонлигини таъминлаш, энг муҳим бирламчи муаммоларни тезкор ва самарали ҳал қилишга доир амалий вазифаларни белгилаб берган.

Ўзбекистоннинг ички сиёсатида инсонпарварлик, одиллик, бағрикенглик каби жиҳатлар устувор белгиланган.

Ўзбекистон ҳаётидаги муҳим воқеа – 2021 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига жиддий тайёргарлик кўриш, сўз эркинлиги ҳимояси, оммавий ахборот воситаларини “тўртинчи ҳокимият” мақомига кўтариш  билан боғлиқ муносабат мамлакат ҳаётидаги демократик қадриятлар тобора чуқур илдиз отаётганидан далолатдир.

Камбағалликни қисқартириш, иқтисодий ривожланишга эришиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтиришга бўлган ҳаракатлар, тадбиркорлар фаолиятини текшириш мароторийсининг яна бир йилга кечиктирилиши  халқнинг иқтисодий эркин фаолият олиб боришига замин ҳозирлайди.

Ташқи сиёсатда Ўзбекистоннинг халқаро мавқеини ошириш, минтақада тинчлик ўрнатишдаги фаол иштирокини таъминлаш билан боғлиқ ташаббуслар замирида Ўзбекистон халқи учун муносиб ҳаёт тарзини шакллантириш мақсади борлиги кўриниб турибди.

Сўзим охирида шуни қатъий таъкидламоқчиманки, ватандош ўлароқ Президент мурожаатномасига таҳлилий ёндашиш, унинг тугал тушуниш ҳар бир ўзбекистонликда Ватанга дахлдорлик туйғусини уйғотади, кечаётган сиёсий-ижтимоий жараёнлар моҳиятини англашга, балки унинг соғлом иштирокчиси бўлиш учун руҳлантиради.

 

Акром МАЛИК,

навоийшунос.

 


АКТУАЛ ХАБАРЛАР