Қидирув натижалари:

Сиёсат

Нега ёш оилалар тиббий кўрикдан ўтмайди?

18:15, 20.11.2020 973

...

Олий Мажлис юқори палатасининг тўққизинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги навбатдаги масала – никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиш ҳажми ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Шу мақсадда 2003 йил 23 августда Ҳукуматнинг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 365-сонли қарори қабул қилинган.

Бироқ никоҳдан олдинги тиббий кўрикдан ўтишдаги тизимли муаммолар мавжудлиги, ёшларнинг муносабати жиддий эмаслиги, тиббий кўриклар формал ўтказилиши, шифохоналарда тегишли мутахассислар ҳамда моддий-техника базаси етарли эмаслиги келгусида оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳамда туғилаётган фарзандлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти томонидан 2019 йил республиканинг 8 та ҳудудида 842 нафар респондент иштирокида никоҳгача бўлган тиббий кўрик юзасидан ўтказилган сўров натижалари ҳам соҳадаги муаммоларни яққол кўрсатди.

Сўров натижаларига кўра респондентларнинг 88,1 фоизи ўз хоҳиши билан тиббий кўрикдан ўтишини, қолган қисми касалликларни тўлиқ аниқлай олмаслиги сабабли тиббий кўрикдан ўтиш истаги йўқлигини билдирган. Иштирокчиларнинг 80 фоизи тиббий кўрикдан қатор муаммолар билан ўтганлигини, хусусан, 42,5 фоизи тиббий кўрик жуда кўп вақт олишини маълум қилган.

Жумладан, тиббиёт ходимларининг масъулияти етарли эмаслиги ва уларнинг малакаси талаб даражасида эмаслиги, тиббий кўрикка оид айрим касалликни яшаш жойи бўйича ўтиш имконияти йўқлиги, шунингдек, айрим ҳолларда коррупцион ҳолатлар мавжудлиги каби муаммолар айтиб ўтилган.

Сенаторлар томонидан никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишда холислик ва сифати устидан назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, тиббий кўрикни ўтказишда ҳудудийликка амал қилиш, никоҳланувчиларга тиббий-генетик ва репродуктив саломатликка оид масалаларда бепул маслаҳатлар бериш, шифокорлар ва ФҲДЁ органлари ходимларининг масъулиятини ошириш, кўрикдан ўтказиш бўйича тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалар фаолиятини мониторинг қилувчи ягона ташкилотни белгилаш таклифлари илгари сурилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақида Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди. 


АКТУАЛ ХАБАРЛАР