Қидирув натижалари:

Дунё

Австралия ҳукумати Афғонистонда ўз ҳарбийларининг жиноятлари учун узр сўради

14:39, 20.11.2020 191

...

Австралия Қуролли кучлари қўмондони Ангус Кэмпбелл Афғонистон ҳудудида австралиялик ҳарбийлар томонидан амалга оширилган жиноятлар учун ушбу мамлакат халқидан кечирим сўради, деб ёзади «Коммерсантъ». Аввалроқ Австралия ҳукумати Афғонистонда 2005 йилдан 2016 йилгача хизмат қилган ўз ҳарбийларининг қоидабузарликлари ҳақида ҳисобот эълон қилган эди. Гап қотилликлар ва асоссиз шафқатсизлик ҳолатлари ҳақида бормоқда.

«Австралия мудофаа кучлари номидан Афғонистон халқи қаршисида австралиялик аскарларнинг ҳар қандай хатти-ҳаракатлари учун чин дилдан ва сўзсиз узр сўрайман. Бундай хатти-ҳаракатлар ўз мамлакатида ёрдам беришни сўраб бизга мурожаат қилган афғон халқининг бизга билдирган ишончига нисбатан чуқур ҳурматсизлик ҳисобланади», — деди Кемпбэлл матбуот анжуманида.

Австралия ҳарбийларининг жиноятлари ҳақидаги маъруза 400 дан ортиқ гувоҳларнинг кўрсатмаларига ва ўн минглаб ҳужжатлар таҳлилига асосланади. Унда 39 та қотиллик ва иккита асоссиз равишда шафқатсиз муносабат ҳолати ҳақида айтилади, уларнинг кўпчилиги 2009—2013 йилларда юз берган. Тавсифланган ҳолатларнинг ҳеч бири жанг майдонида юз бермаган. Ўлдирилган афғонистонликларнинг кўпчилиги ҳарбий асирлар бўлган. Маърузада жами 25 нафар амалдаги ва собиқ австралиялик аскарларнинг исм-шарифи қайд этилган.

Австралия Қуролли кучлари қўмондонининг айтишича, маърузада тилга олинган ҳарбий қисмлар ва бўлинмалар ислоҳ қилинади ёки тугатилади, ҳарбийларга нисбатан якка тартибда қарорлар қабул қилинади. Маърузада исм-шарифи айтилган ҳарбийлар қўлга киритган мукофотлар ва унвонлар бекор қилинади.

Австралия ўз ҳарбийларини Афғонистонга 2001 йилда юборган. 2013 йилгача уларнинг сони қарийб 1,5 минг кишини ташкил қилган. 2013 йилдан буён Афғонистонда 300 га яқин австралиялик ҳарбий қолмоқда, улар маҳаллий ҳарбийларни ўқитиш ва тайёрлаш билан шуғулланади.


АКТУАЛ ХАБАРЛАР