Қидирув натижалари:

Жамият

Канализация сувлари қандай тозаланади?

13:52, 19.11.2020 222

...

Ҳеч ким унитазни ахлат челаги билан адаштирмайди. Лекин... Тошкент шаҳридаги оқова сувларни тозалаш станцияларида бўлиб, пойтахтимиз канализацияси орқали оқиб келаётган турли маиший, ҳатто ишлаб чиқариш чиқиндиларига кўзи тушган инсон бу фикрга эътироз қилиши аниқ.

"Ўзсувтаъминот" АЖ Тошкент шаҳрининг Бўзсув аэрация станциядан репортаж тайёрлади. Мазкур иншоот пойтахтимизнинг Салар ва Бектемир аэрация станциялари каби Тошкент шаҳридан чиқаётган оқова сувларни тозалайди. Бугунги кунда ушбу станцияга Қорақамиш ва Жануби-ғарбий коллекторлардан суткасига 630 минг куб метр оқова сув келиб тушмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида оқова сувдан махсус мосламалар орқали  ушлаб қолинган маиший (аҳоли томонидан канализацияга ташлаб юборилаётган озиқ-овқат қолдиқлари,  елим идишлар,  кийим-кечаклар, болалар тагликлари ва ҳоказо) ва саноат чиқиндилари (ишлаб чиқариш корхоналари томонидан канализацияга ташланаётган тўқимачилик қолдиқлари, қушхона чиқиндилари кабилар)нинг ҳажми 292 тоннага етган. Ваҳоланки бу кўрсаткич 2017 йилда 110 тоннани, 2018 йилда 182 тоннани, 2019 йилда 164 тоннани ташкил қилган. Кўриш мумкинки, канализацияга ташланаётган маиший ва саноат чиқиндиларининг ҳажми йилдан йилга ошиб бормоқда. 

Биламизки, канализация суви таъминотининг муҳим мажмуаларидан биридир. Канализация тизимларининг асосий мақсади аҳоли чиқиндилари, саноат ва маиший чиқинди сувларини тозалаш, уларни кейинчалик ишлатиш ёки сув ҳавзаларига тушириш учун йўналтиришдир. 

Канализация тизимидаги бузилишларнинг аксарияти эса юқоридаги келтирилган ҳолат каби, унитаз ёки канализация қудуғига маиший ва саноат чиқиндилари ташланиши оқибатида содир бўлади. Коллекторлар ичи тиқилиб, оқова сув тизимида авариялар юзага келади.  Бу ҳудудларнинг эпидемиологик ҳолати ёмонлашиши, атроф-муҳит ифлосланишига олиб келади. 

Демак, канализация тизимининг барқарор ишлашида истеъмолчининг ҳиссаси катта, у канализациядан фойдаланиш қоидаларини билиши ва унга риоя этиши лозим. 

Шу ўринда қайд этиш жоизки, бугунги кунда "Ўзсувтаъминот" АЖ томонидан айни  йўналишда  тарғибот ишлари бошлаб юборилган. Хусусан, канализациядан тўғри фойдаланиш бўйича қўлланмалар тайёрланиб, истеъмолчиларга тарқатилмоқда.


АКТУАЛ ХАБАРЛАР