Қидирув натижалари:

Сиёсат

Турдимов: оқсоч аёлларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинади

20:15, 09.10.2020 329

...

Шу йил 8 октябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида, жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлашга қаратилган жуда кўплаб фикрлар ва таклифлар билдирилди. Шунингдек, йиғилишда "Оқсоч аёлларга талаб ортиб бормоқда, хотин-қизларни шу касбга ўргатишимиз керак" деб айтилган жумла борасида нотўғри талқинлар учрамоқда. Бу фикрларга жавобан Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди. Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов томонидан билдирилган таклифлар орасидан "Оқсоч аёлларга талаб ортиб бормоқда, хотин-қизларни шу касбга ўргатишимиз керак" деган жумла контекстдан ажратиб олинган ҳолда, асоссиз гап сўзлар тарқатилиб, нотўғри талқин қилинмоқда. Аввало, шуни очиқ айтишимиз лозимки, бугунги кунда меҳнат бозорида малакасиз ишчи кучи жуда кўп. Ва сир эмаски, бугун мамлакатимизда энагалик, оқсочлик хизмат турига эҳтиёж катта. Бироқ, ҳозирда бу ишни айрим қўштирноқ ичидаги "тадбиркорлар" бизнесга айлантириб олган ҳолда, энага ва оқсоч топиб бериш "хизмати" кўрсатишни йўлга қўйиб олган. Аммо, улар бу хизматни кўрсатувчи аёлларимизнинг саломатлиги, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳеч қандай мажбуриятни ўз зиммасига олмаяпти ва кафолатламаяпти. Шу сабабли, меҳнат бозорида уй юмушларига ва болалар парваришига кўмаклашадиган энага, оқсоч хизматига эҳтиёж бор эканми, мазкур фаолият турини қонунийлаштириш, яъни бу хизмат тури билан шуғулланишни истовчи аёлларимизга ўз ҳуқуқларини ўргатиш мақсадида ўқитиш, уларни уй-рўзғор ишларини юритиш бўйича малакасини оширишни амалга оширувчи махсус марказлар ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур марказларда малакасини оширган аёлларимизни қонуний асосда ташкил этиладиган махсус идора (фирма)лар орқали шартнома асосида хизмат кўрсатишларини йўлга қўйиш, уларни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, нафақа ёшига етганларида пенсия олишларини кафолатлаш механизми яратилиши лозим. Бу орқали, чет мамлакатларда айнан шу хизмат тури билан шуғулланишни истовчи аёлларимизнинг ҳам қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кўзда тутилмоқда. Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирда Россия, Исроил, Туркия ва бошқа кўплаб чет мамлакатларда аёлларимиз айнан шу хизмат тури билан шуғулланиб келишмоқда, лекин уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан бирор бир ҳужжатлар расмийлаштирилмаган. Бу эса, кўп ҳолларда уларнинг ҳуқуқлари бузилишига, камситилишига ва бошқа зўравонликлар (тазйиқлар остида қолишига) келиб чиқишига олиб келмоқда. Ҳаттоки, ҳозирда мазкур фаолият тури билан шуғулланувчилар сони ҳақида бирор бир идорада расмий маълумот мавжуд эмас. Биз қайд этиб ўтган механизм асосида босқичма-босқич иш ташкил қилиниши, мазкур фаолият тури билан шуғулланаётганлар ҳақида аниқ ҳисоб юритилишига, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишига, бу борада жамоатчилик назорати ўрнатилиб, аёллар ва ёшларимизни касбга ўргатиш орқали, бошқа хизмат турлари билан шуғулланиши учун шароит яратади. Қолаверса, бу хизматни кўрсатиш билан шуғулланишни истовчи аёлларимиз ўз қонуний ҳуқуқларини билишса, бугунги кунда уй-рўзғор ишларида ишлатиладиган замонавий техникаларни ишлатилишини ўрганишса, буни нимаси ёмон? Шу ўринда, айрим меҳмонхоналарда ҳам шундай фаолият билан шуғулланаётган хотин-қизларда тажриба ёки малака етишмаслиги оқибатида бирор хатоликка йўл қўйса, уларнинг қонуний ҳуқуқлари поймол этилаётганлиги каби ҳолатлар кўплаб кузатилаётганлиги ҳам барчамизга маълум. Албатта, биз қадрли опа-сингилларимизни энага, оқсочлик қилишларини тарғиб этмоқчи ёки буни оммалаштиришни таклиф қилмоқчи эмасмиз ва бу фикрдан мутлақо йироқмиз. Биз, юқорида қайд этиб ўтганимиздек, ушбу фаолият тури билан шуғулланиш истагида бўлган аёлларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонуний ҳимоя қилиниши ва бу борада жамоатчилик назорати ўрнатилиши лозим деб ҳисоблаймиз.


АКТУАЛ ХАБАРЛАР