Қидирув натижалари:

Маданият

Онлайн дарс – онлайн спектакль. Реал воқеалар асосида

19:33, 09.10.2020 1365

...

Ҳамма нарса раҳбариятнинг ҳамкасабамнинг ўрнига дарс ўтиб беришим кераклигини айтганидан бошланди. Энг даҳшатлиси, мени мутахассислигимга кирмайдиган, ўзим билмаган, бегона фандан... Топшириққа кўра, ЗУМ платформаси орқали онлайн, танимаган талабалар учун ва асосийси вазирликдаги назоратчилар иштирок этиши айтилган дарсни ўтиб беришим керак. Тан олиш керак, пандемия жуда оғир ҳолатни юзага келтирди. Жонли мулоқот ўрнини интернетдаги янги платформалар эгаллади. Талабани кўрмасдан дарс ўта бошладик. Интернети йўқ узоқ ҳудуддаги талаба нима қилсин? На дарс тинглайди, на берилган топшириқларни ўзлаштира олади. Илгари таълимнинг бош талаби форма ва давомат масаласи хотирадан ўча бошлади. Қийин бўлса-да, янги талабларга бўйсуниб, янги имкониятларни ишлата бошладик. Зум, мудл каби онлайн платформаларни ўзлаштиришга тўғри келди. Хуллас жуда оғир ҳолат билан юзлашдик. Буёғи нима бўлади, ёлғиз яратганга аён. Бундай таълим учун талаба контракт тўлармикан?! Гапдан чалғиганим учун узр. Айтмоқчи бўлганим бошқа воқеа эди. Хуллас, мен учун бегона мавзуга бир кун олдин тайёргарлик кўра бошладим. Материаллар йиғдим, ўргандим, тақдимот яратдим ҳамда мавзу бўйича қизиқарли видеокейс топдим. Ҳорижда ўқиётган ўғлимдан ЗУМнинг чекланмаган вариантини сотиб олиб беришини илтимос қилдим. Хуллас, ўша кун келди... Онлайн дарсга ўғлим ҳам кирди. Ҳаяжон... бегона мавзу, нотаниш тингловчилар ва вазирлик назорати. Маъруза бошланди, тақдимотни бошқара туриб, тингловчиларни қабул қила бошладим. Назаримда 10га яқин одамни киритдим. Чалғимаслик учун эътиборни мавзудан узмадим. Бир вақтнинг ўзида бир неча амалларни бажариш осон эмаслигини ҳам тушундим. Тақдимотдан кейин видеокейс намойишини ҳам уддалагандекман. Бир қарашда ҳаммаси "топшириққа мос" якун топди. Ҳаяжон бироз босилгандек. Энди талабалар билан савол-жавоб ҳам қилсам бўлади. Не кўз билан кўрай 5 нафар тингловчи қолган. Орасида ўғлим ҳам бор, демак 4 нафари талаба. Йўғ-е, улар ичида текширувчи бўлсачи? Бирортасининг жонли тасвири йўқлиги боис ким эканлигини билгим келди. Бунинг йўли оддий, савол-жавоб қилиш. - Энди видео бўйича фикр алмашамиз… Қани ким фикр билдиради. Сукунат... Юз тасвир ўрнига ёзилган исмларни ўқиб мурожаат қила бошладим. - Фарангиз, сизнинг фикрингиз менга қизиқ. Видеодаги кириш қисмида қандай элементларни кузатдингиз? Озгина тўхталишдан сўнг қизнинг узоқ кутилган овози эшитилди. - Устоз, узр, видеони кўришга улгурмадим. Вазиятдан чиқиш керак. Бошқа кўринмас талабага мурожаат қилдим. - Нодирбек, балки сиз фикр билдирарсиз. Икки дақиқадан кейин билдимки Нодирбек бу ерда йўқ, у фақат номига онлайн турибди, дарсга қарамаган ҳам. Вазиятни кузатиб турган ўғлим менга ёрдамга келди. - Устоз мен фикр билдирсам майлими? У узоқ гапирди, билмаган соҳаси бўйича фикрларини билдирди. Чунки боламнинг онасига раҳми келган эди. Шу онда она-бола қанчалар ўхшашлигимизни сездим. Ролларимиз ишонарли бўлди, ким учун қилдик, кимни алдамоқчи бўлдик билмадим. Хуллас спектакль тугади. Роппа-роса 1 соат-у 10 дақиқа давом этган бу томоша менда тушуниб бўлмас ҳис туйғуларни келтириб чиқарди. Дарсдан сўнг ўғлим телефон орқали боғланди. У тинимсиз эътирозлари ва саволларини гапириб ташларди. Миқ эта олмадим. - Ойи, нега сиз бировнинг дарсини ўтдингиз, шу цирк учун бир кунлик тайёргарчилик керакмиди? Нега талабалар бунчалар масъулиятсиз? Раҳбарлар, текширувчиларга шу спектакль керакми? Нега ҳаммаси ёлғон, хўжакўрсинга қилинди? - Болам, илтимос жаҳлинг чиқмасин, ўзи юрагим сиқилиб турибди. Кел, яхшироқ нарсалар ҳақида гаплашайлик, илтимос. - Нима ҳақида.... У ховуридан тушди. - Масалан сен ҳақингда, бир ойдан кейин ўқишинг битади. Уйга қачон қайтасан? - Уйга?.. Билмадим ойи, қайтиш ҳақида ўйлаб кўришим керак. Телефон овози тинди. Унинг жавоби тўлиқ бўлмаса-да тушунгандек эдим... Доцент она


АКТУАЛ ХАБАРЛАР